Меморандумни Ўзбекистон Республикаси Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий маркази директори, академик Акмал Саидов ҳамда Тошкент давлат юридик университети ректори, профессор Бахшилло Ходжаев имзолади.
Томонлар Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Янги Ўзбекистонда ҳуқуқий давлат ва кучли фуқаролик жамиятини барпо этиш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг назарий ва амалий аҳамиятини юқори баҳолади.
Меморандум инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, юридик таълим ва илмий-тадқиқот фаолиятини ривожлантириш, илғор миллий ва халқаро тажрибани ўрганиш ҳамда ёш юристларнинг касбий салоҳиятини ошириш соҳаларидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга қаратилган.
Тадбир давомида ўзаро ҳамкорликнинг устувор йўналишлари муҳокама қилиниб, меморандумнинг асосий вазифалари юзасидан фикр алмашилди.
Меморандум доирасида инсон ҳуқуқлари соҳасида қўшма илмий-тадқиқот лойиҳалари амалга оширилади. Шунингдек, конференциялар, семинарлар, давра суҳбатлари ва тренинглар ташкил этилади. Экспертлар ҳамда профессор-ўқитувчилар иштирокида илмий-маърифий тадбирлар ўтказилади.
Талабаларнинг амалий кўникмаларини ривожлантиришга қаратилган ташаббусларни амалга ошириш ҳам режалаштирилган.
Ҳамкорликнинг муҳим йўналишларидан бири инсон ҳуқуқлари соҳасидаги илмий ва таълим контентини такомиллаштиришдан иборат. Бунда замонавий ўқитиш методикаларини жорий этиш, миллий қонунчилик ва халқаро стандартларни уйғун ўрганишга алоҳида эътибор қаратилади.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказнинг илмий-экспертлик салоҳиятини Тошкент давлат юридик университетининг таълим, илм-фан ва ёш кадрлар тайёрлаш соҳасидаги имкониятлари билан бирлаштириш янги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун кенг имконият яратади.
Томонлар, шунингдек, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг миллий ва халқаро механизмлари, ҳуқуқий таълим, илмий тадқиқотлар, академик ҳамкорлик ҳамда ёшларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш соҳаларида тажриба ва ахборот алмашинувини ривожлантиришни мақсад қилган.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.