Шавкат Мирзиёев 7−9 октябрь кунлари Туркманистонда бўлади

Шавкат Мирзиёев 7−9 октябрь кунлари Туркманистонда бўлади

Шавкат Мирзиёев Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедовнинг таклифига биноан 7−9 октябрь кунлари амалий ташриф билан Туркманистонда бўлади, деб хабар бермоқда давлат раҳбари матбуот хизмати.

Ташриф давомида президент «Аваза» миллий сайёҳлик зонасида ўтказиладиган Марказий Осиё ва Озарбайжон давлат раҳбарларининг 8-маслаҳат учрашувида ҳамда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги саммитида иштирок этади.

Маслаҳат учрашуви кун тартибидан сиёсий-дипломатик ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий алоқаларни чуқурлаштириш, энергетика соҳасидаги шерикликни кенгайтириш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгаришига мослашиш бўйича қўшма чора-тадбирларни амалга ошириш, маданият, таълим ва илм-фан соҳаларидаги ҳамда ёшлар ўртасидаги алоқаларни ривожлантириш масалалари ўрин олган.

Шунингдек, минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар ҳамда тинчлик, барқарорлик ва хавфсизликни таъминлашга оид устувор вазифалар юзасидан фикр алмашиш кўзда тутилган, дейилади хабарда.

Бундан ташқари, МДҲ давлат раҳбарлари кенгаши йиғилишида кўп томонлама ҳамкорлик якунлари сарҳисоб қилинади ҳамда ташкилот тузилганининг 35 йиллигини нишонлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилади.

Тадбирлар якунида бир қатор қўшма ҳужжатлар қабул қилиниши кутилмоқда. Ташриф доирасида икки томонлама учрашувлар ўтказилиши ҳам режалаштирилган.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.