Байрам баҳона Gazeta айни мавзуда суҳбат ўтказди. Унда инсон ҳуқуқлари фаоли Абдураҳмон Ташанов ҳамда сиёсатшунос Ҳамид Содиқ ўз фикрлари билан бўлишган. Эслатиб ўтамиз, мазкур суҳбатга ИИВдан ҳам вакил чақирилганди, аммо расмийлардан ҳеч ким келмади. Видеони тўлиқ қуйидаги ҳавола орқали Gazeta YouTube каналида томоша қилинг. Ҳаволадан кейин суҳбатда янграган фикрлардан қисқача матн келтирилади.
— Ички ишлар орган ходимлари дейилганда кимни тасаввур қилиш керак? Уларнинг портрети қандай бўлади?
— Абдураҳмон Ташанов: Аввало, Ички ишлар вазирлиги ва унинг таркибидаги барча ходимларни касб байрами билан қутлаймиз. Чунки улар халқимизнинг фарзандлари, фидоий ўғлонлари сифатида ўзларининг касбий, профессионал фаолиятини олиб боришяпти. Уларнинг иши заҳматли эканини мен жуда яхши биламан. Чунки ички ишлар ходимлари, яъни шахсий таркиби ҳам ўзимизнинг ўғилларимиз, қизларимиз, ака-укаларимиздан иборат. Бошқа сайёраликлар эмас.
Ижтимоий тармоқларда уларнинг шаъни, қадр-қимматига жуда кескин гаплар айтилади, чунки жамоатчилик кўз ўнгида улар осойишталигимизни сақлашга масъул бўлган бир идора ҳисобланади. Умуман бу саволга жавоб беришдан олдин ўзи дунёда қандай, ички ишлар деган орган борми, бу ном қаердан келиб чиққан — шуларга тўхталмоқчиман.
Масалан, бутун дунёда полиция тушунчаси мавжуд ва бутун тизим шунга бирлаштирилиб, шу ном қабул қилинган. Ҳатто, бизнинг қўшни мамлакатларимизда ҳам полиция деб юритилади. Умуман унинг асосий устувор вазифаси — бу жамоат осойишталигини сақлашдан иборат. Лекин, афсуски, бизда ички ишлар органларининг қамрови ниҳоятда кенг.
Мендаги маълумотларга кўра, бугунги кунда Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг шахсий таркиби 143 500дан ортиқ. Яъни бу — каттагина армия. Агар армия дейдиган бўлсак. Ҳар ҳолда куч ишлатар тизими идораларининг ичидаги энг юқори, энг кўп сонли жамоа дейиш мумкин. Энди Давлат хавфсизлик хизмати ёки прокуратура органларининг салмоғига қарайдиган бўлсак, булардан 2−3, ҳатто, 4 баробар катта бўлган бир идора.
Иккинчидан, ИИО ходимлари бевосита халқ билан ишлайдиган, жамоатчилик ўртасига кириб борадиган, демак, давлатчиликнинг ҳамма нуқталаридаги жараёнларида иштирок этадиган ўзига хос идоравий жамоа дейишимиз мумкин. Умумий олганда, ҳозирги тизим Совет замонидан қолган эски идоравий услубларда ишламоқда, улар аллақачон полицияга айлантирилиши, ортиқча тузилмалар, ҳатто, қисқартирилиши, айрим ваколатлар бошқа идораларга тақсимланиши кераклиги ҳақида кўп гапирганмиз. Лекин авторитар шароитларда, яъни Ислом Каримов даврида бевосита ички ишлар идоралари ниҳоятда кучайиб, армиянинг ўрнини босадиган даражага ҳам етди.
У пайтда мудофаа, махсус хизматларнинг салоҳияти унча ҳам юқори бўлмаган. Кейинчалик ИИВдан Миллий Гвардияга бир қисм ваколатлар берилди, лекин шунга қарамасдан барибир ниҳоятда катта армия эканлигича қолмоқда, яъни маъмурий буйруқбозлик тизимига асосланган. Тизим қандайдир одамларга бевосита қўрқув, бир тарафдан ишонч ҳам уйғота оладиган каттагина идора сифатида сақланиб қолди. Бу идора раҳбарлари ҳукумат портфелидаги энг ноёб ва залворли шахслардан бири десак бўлади.
Масалан, шу пайтгача айтайлик, Алматов, Бобожонов (собиқ ИИ вазирлари) бўладими ёки Азиз Тошпўлатов (ҳозирги ИИ вазири) бўладими — ҳаммаси бир юқори салоҳиятли, ўзига яраша авторитар бошқарувдаги одамлар бўлишган.
— Тушунарли. Ҳамид ака, умуман ўзи бошқарувда ИИО ходимлари ёки кўп давлатларда полиция деб аталувчи ташкилот вакиллари ким учун хизмат қилиши керак? У кимни ҳимоя қилиши керак? Фуқароними, давлатними ёки ҳокимиятними деган савол ҳам бор.
— Ҳамид Содиқ: Мен ҳам, аввало, ички ишлар идоралари ходимлари — қайсидир маънода ҳамкасбларимни байрами билан табриклайман. 10 йил давомида мен ҳам шу тизимда ўқиб, ишладим ва ҳақиқатдан ҳам бу ишнинг заҳматли эканлигини тушуниш керак деб ҳисоблайман. Бугунги кунда биринчи навбатда, бу идора ўзининг функциясини бажаряпти, яъни яхши ва ёмонлиги ёки сифатли ёки сифатсизлиги — бошқа масала, лекин у Ўзбекистонда давлат томонидан олган ваколатлари нуқтаи назаридан, давлатнинг куч ишлатар тизими сифатида ўзининг функциясини бажаётганлигини айтиш керак.
Агар бажармаганда эди, қандайдир тартибсизлик вужудга келган бўларди. Лекин менинг назаримда, бугун бу тизим ислоҳотга муҳтож. Ҳатто, жиддий ислоҳотга муҳтож. Нима учун? Чунки Ўзбекистон мустақилликка эришгандан кейин биз колониал ички ишлар идораларининг бутун тизимини қабул қилиб олдик. Бу идоранинг бугунги фалсафасида ҳам колониал ички ишлар идоралари сифатида ишлаш турибди. Яъни бундай табиатдаги тизим халқни энг катта хавф деб қабул қилади. Колониал давлатлар учун бу нормал.
Халқ улар учун нега хавф, чунки мустақилликни ёки ўзининг ҳақ-ҳуқуқини талаб қилиб босқинчиларни ҳайдаши мумкин, шундай дунёқараш билан кучишлатар тизимлари ташкил қилинади ва халқни олдиндан жиноятчи сифатида кўради. Бу фалсафада тузилган ички ишлар идораларининг моҳияти ўзгармайди. Эски вақтда НКВД (Народный комиссариат внутренних дел) дерди, олдин Чека ҳам дейишган, кейинчалик булар махсус хизматлар билан ички ишлар идораларига бўлинишган. Демак, биз мустақилликка эришар эканмиз, Ислом Каримов мутлақо бу фалсафани ўзгартиришни истамади.
Қандай бўлса, шундай ички ишлар идоралари, яъни МВД қандай бўладиган бўлса, ИИВ ҳам шундай бу тарафга ўтди. Лекин 2016 йилдан кейин бунинг табиати ўзгара бошлади, яъни давлатда маълум бир эркинликлар бошланди. Айнан шу эркинликлар ҳам ички ишлар идоралари табиатига, фаолиятига таъсир кўрсатди. Чунки ички ишлар идораларига қўрқитиш имкониятини бермасангиз, уни олиб қўйсангиз, ички ишлар идораларининг обрўйи туша бошлайди.
Чунки бундай тизим қўрқитиб обрў тўплаб келган, бу — оддий қўрқув эмас, институционал қўрқув. Тотал қўрқитади. Ҳозир блогер деган тушунча бор, ОАВ ҳам анча очиқ. Бир нарса қиладиган бўлса, бирданига оммага маълум бўлади ва айнан шу масала ҳам улардаги кадрлар етишмаслигига сабаб бўляпти. Бугун ички ишлар идоралари, мен шахсан ўзим шу идорада ишлаган инсон сифатида ичим ачиб гапираман, ҳар бир ходимига осон эмас. Мен буни ич-ичимдан тушунаман.
Уларга берилган юклама ва ойлигининг етишмаслиги, психологик босимлар, унинг устига оммавий ахборот воситалари ҳам эркин бўлган сайин уларга босим ўтказавериши қийин вазиятни юзага келтирган. Шунинг учун тизимга жавоб берадиган одамлар ўзининг олдига жиддий савол қўйиши керак: биз қандай қилиб колониал белгилардан тўлиқ халос бўламиз деган.
Бу саволга жавоб топилгандан кейин ўзгариш бўлади, халқ ҳокимиятни олиб қўйиши мумкин бўлган кўпчилик сифатида эмас, балки ҳокимиятнинг манбаи сифатида қаралишни бошлайди. Шу ернинг ўзида кўп нарса ҳал бўлади. Ана ундан кейин биз бу ташкилотга куч ишлатар тизим сифатида эмас, балки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар сифатида қарашни бошлаймиз.
— Ҳамид ака, шу жойда орган ходимлари, ҳокимиятни эмас, халқни ҳимоя қилиши керак деган хулосага келсак бўладими? Лекин колониал тафаккурдаги тизим ҳокимиятни кўпроқ сақлаб туришга хизмат қилади. Шундайми?
— Ҳамид Содиқ: Ҳокимиятни сақлаб туриш ва элитани ҳимоя қилишни устувор кўради. Яъни бу ич-ичигача сингиб кетади. Умуман бутун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, прокуратура деймизми, суд органлари — ҳаммасида шундай. Айрим ҳокимларни эслайлик, бинони ичидаги одами билан бузиб ташлашни буюрса ҳам ИИО вакиллари жим кузатади. Мана шунинг ўзи табиатни кўрсатади.
Яъни раҳбар элита нимани айтадиган бўлса, қонун кейинги даражага тушиб кетади. Агар қонун доирасига қайтилса, «муҳтарам ҳоким, бундай қилиш мумкин эмас», — деб айта оладига, яъни ҳуқуқ ва адолатни ҳимоя қиладиган ички ишлар идоралари ходими шаклланади. Бу ҳокимиятни ҳимоя қилмайди дегани эмас. Ҳокимиятни адолат тарафида туриб ҳимоя қилиш керак.
Ўшандагина халқни ҳам адолат тарафида туриб ҳимоя қила олади ва кейин бошқа кадрлар ҳам келишни бошлайди. Умуман колониал ички ишлар идораларининг қўрқитиш хусусиятини олиб қўйсангиз бўлди, ҳеч ким уларга қизиқмайди. Чунки ташкилотга интиладиган ёшларга инсоннинг тақдирини савдо қилиш имконияти қизиқ.
— Тушунарли. Абдураҳмон ака, ИИО ходимларига оид жиноят ишлари, қамалга ҳақида хабарлар эълон қилинса, тизим уларни «адашиб кириб қолганлар» деб атайди.
Шу нуқтада умуман уларнинг қандай касбий этика ва инсоний фазилатларга эга бўлиши ҳақида ҳам гаплашсак. Бу борада дунёда картина қандай?
— Абдураҳмон Ташанов: Умуман бутун дунёда ҳам полицияга нисбатан одамларда бир ёвқараш бор. Бу — умумий тенденция, халқаро миқёсда шундай. Масалан, Америкага, Ҳиндистонга, Малайзияга борасизми, ҳаммасида шундай кайфиятни учратиш мумкин. Энди умуман олганда, ИИО тизими Совет даврида марказий бошқарувнинг бўлаги сифатида ҳам мерос бўлиб кириб келди. Масалан, ЙҲХ тизими 25 йил давомида Конституциявий қонунсиз фаолият юритиб келди.
Бир томондан уларнинг ҳуқуқлари ҳам камситилди. Чунки уларнинг ҳуқуқини ҳимоя қиладиган қонуннинг ўзи йўқ эид. Муваққат низом билан ишлади. Масалан, биз ички ишлар вазирлигининг ходими ноқонуний лавозимдан олинган бўлса, уни судга берсак, суд ҳам қабул қилмасди, чунки қонун йўқ эди.
2015 йилдан кейин қонун қабул қилинди, лекин қонун ҳам тўлақонли қабул қилинмади. Биз 2000 йилларда ички ишлар идоралари тўғрисидаги қонун бўйича халқаро ташкилотлар орқали ҳам Каримов ҳукуматига кўп мурожаат қилдик, қабул қилайлик, буларни фаолияти қонунлашсин дедик, Давлат хавфсизлик хизмати тўғрисидаги қонунни қабул қилайлик, булар қонундан ташқари ишлаяпти дедик.
Афсуски, бунга ҳукумат, давлат қулоқ солмади ва натижада буларда «биз — ўзимизни ватанга фидо қилган фарзандлармиз» деган ижтимоий онг шаклланди. Хизмат машиналарига қарасангиз, «ВСФ» деб ёзиб олган, яъни «ватанга содиқ фарзандлар». Ватанга содиқлик, ватанпарварлик бўлиши керак, лекин озгина калла ҳам ишлаши керак. Билим ҳам бўлиши керак. Мен бу ерда ҳуқуқий базасига ҳам эътибор қаратаман, чунки ички ишлар ходимларининг ҳуқуқий саводхонлиги билан боғлиқ кўплаб вазиятни амалиётда учратамиз.
Булар ўзига хос ҳимояланиш йўлларини кашф қилишди. Қовун тушириб қўядиганлари ёки жиноятга қўл уриб қўядиганлари бўлса, бу биздан эмас дейди, шунчалик ватанпарварликка киришиб кетдики, блогерларнинг танқидларини ҳам ватанга қарши бир исён деб қабул қилишяпти. Сиз гўёки улар содиқ бўлган бир масканни, ҳукмдорларини танқид қилиб бошласангиз, бирданига «ватанга қарши экан» деган бир зеҳнияти бор.
Ватанни ҳимоя қилаётган одамларнинг ўзида дунёқараш даражаси юқори бўлиши керак. Шу йилнинг бошида Ички ишлар вазири билан суҳбатда бўлдим. Бу одам менда жуда ҳам менда яхши таассурот қолдирди. Қайси маънодаки, биринчидан жуда меҳнатга чанқоқ. Масалан, бошқа идоралар, вазирлар билан ҳам суҳбатлашиб турамиз, уларда бунақанги шижоатни кўрмайсиз.
Суҳбатимиз чоғида вазир ҳазиломуз бир-икки гапларни гапирди. Унинг айтишича, мактабни 3−4 га битирганлар милиция бўларкан. Энди бу эътирофни вазирнинг ўзидан чиқиши вазиятнинг яхши эмаслигини кўрсатади. Шу нуқтаи назардан бугун жиддий ислоҳ қилиниши керак бўлган нарсалар бор.
Яқинда матбуот анжуманини уюштириб, блогер ва журналистларга дўқ-пўписа қилишни ҳам бошлашди. Кечирасизлар-ку, ундай замонлар ўтиб бўлган. Ҳозир қўрқитиш ёки манипуляция, психик таъсир қилиш йўли қолоқ усуллар ҳисобланади.
Суҳбатнинг тўлиқ шаклини YouTube каналимизда томоша қилишингиз мумкин.
Кўрсатув давомида орган фаолияти қандай баҳолаб келинаётгани, самарадор баҳолашдаги асосий мезонлар, ҳисобдорлик, муаммоларга узоқ ва яқин муддатли ечимлар ҳақида гапириб ўтилган.
Дилшода Шомирзаева тайёрлади.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.