«Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида»ги қонуннинг янги таҳрири лойиҳасида профилактика субъектлари сонини 14 тадан 21 тагача ошириш кўзда тутилган. Президент 4 ноябрь кунги тақдимотда ҳужжатни такомиллаштириш бўйича топшириқ берган.
«[Қонун лойиҳасида] профилактика органларининг ҳар бирига ҳуқуқ ва мажбуриятлар белгиланади. Илгари улар ўз қарорлари ёки декларациялари асосида ишлаган бўлса, энди фаолияти қонунчилик асосида ташкил этилади. Уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари қонун билан мустаҳкамланади», — деди Баҳриддин Валиев.
Жумладан, профилактика субъектлари қаторига Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Рақамли технологиялар вазирлиги, Ижтимоий ҳимоя агентлиги, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, Маҳаллалар уюшмаси, Марказий банк, комплаенс тузилмалари ва коррупцияга қарши ички назорат бўлинмаларини киритиш таклиф қилинмоқда.

Баҳриддин Валиевнинг айтишича, Бош прокуратурага ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисидаги қонун ижроси доирасида ушбу органлар ва ташкилотлар фаолиятини назорат қилиш механизмини ишлаб чиқиш топширилган.
Шунингдек, давлат органларининг ахборот ресурсларини бирлаштирувчи ягона криминоген маълумотлар платформасини яратиш таклиф қилинмоқда.
«Президент бизга ушбу платформани ишлаб чиқиш ва унинг қандай бўлиши кераклигини белгилашни топширди. Ҳар бир вазирликнинг рақамлаштириш соҳасидаги ишлари, уларнинг кўрсаткичлари ва амалга оширилган чора-тадбирлар ягона стандартга келтирилиши, такомиллаштирилиши ҳамда платформага интеграция қилиниши назорат қилинади. Вазирликларга ҳам тегишли топшириқлар юборилади», — деди Баҳриддин Валиев.
Бош прокурор раҳбарлигида комиссия тузиш ва йўл харитасини ишлаб чиқиш режалаштирилмоқда. Прокуратура унинг босқичма-босқич бажарилишини муддатлар ва ҳудудлар кесимида назорат қилади.
Қонунчилик палатаси қўмитаси раиси Улуғбек Шерматов «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида қонуннинг янги таҳрири лойиҳасида профилактиканинг махсус турлари жорий этилаётганини маълум қилди.
«Гиёҳвандликка қарши курашиш, алкогол истеъмол қилишга мойил шахслар тоифалари билан ишлаш, шунингдек, бугун жуда катта таҳдидга айланаётган кибержиноятчиликка қарши курашиш бўйича махсус профилактика чоралари назарда тутилмоқда. Уюшган жиноий гуруҳлар билан ишлашдаги махсус профилактика турлари ва механизмлари ҳам алоҳида ёритилади», — деди Улуғбек Шерматов.

Лойиҳада профилактика чораларини ва профилактик ҳисобга олиниши лозим бўлган шахслар тоифаларини кенгайтириш ҳам назарда тутилган.
Ички ишлар вазирлиги Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси хизмати бошлиғи Шароф Ўроловнинг айтишича, ҳужжатда қасддан содир этилган жинояти учун жазони ўтаб бўлган шахсларни, шунингдек, тўққиз турдаги маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этган шахсларни профилактик ҳисобга олиш режалаштирилмоқда.

Қонун лойиҳасида профилактика инспекторлари раҳбарлигида ишлайдиган ижтимоий профилактиканинг етти субъекти ҳам белгиланмоқда. Профилактика субъектлари қаторига таълим муассасалари раҳбарлари ва масъул ходимларини киритиш таклиф этилган.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.