Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги терма жамоаси Покистон Ислом Республикаси ҳудудида ўтказилган VIII Халқаро “Жамоа руҳи” мусобақасида иштирок этди.
Мусобақа Покистон Ислом Республикаси Қуролли Кучларига қарашли 22 армия корпусининг Терроризмга қарши курашиш миллий ўқув маркази (Пабби ш.) базасида ўтказилди.
Мусобақа шартларига кўра, жамоалар 90 км (60 соат вақт ичида)гача бўлган маршрутнинг 7 та назорат нуқтасида азимут бўйича ҳаракатланиб, унда тактик-махсус, отиш, тиббий, алоқа, муҳандислик тайёргарлиги, оммавий қирғин қуроллардан ҳимоя ва ҳарбий топографиядан турли махсус машқларни, шунингдек, кутилмаган тестларни ечиш машқини бажардилар.
Бу орқали мамлакатимиз ҳарбий жамоаси ўзининг жипслиги ва қўйилган вазифаларни юқори савияда бажариши билан ажралиб турди.
Якуний натижаларга кўра ўринлар қуйидагича:
1-ўрин – Ўзбекистон Республикаси жамоаси (95% натижа);
2-ўрин – Хитой жамоаси (74 % натижа);
3-ўрин – Баҳрайн жамоаси (65 % натижа).
Мазкур мусобақада мамлакатимиз терма жамоаси аʼзолари ўзларини Соҳибқирон Амир Темур, Жалолиддин Мангуберди каби буюк аждодларимизнинг муносиб давомчилари эканликларини яққол намойиш этишди. Ҳарбий хизматчиларимиз ўзларига билдирилган ишончни тўлиқ оқладилар.
Ғалаба муборак, ўзбек ўғлонлари!
Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.