Икки томонлама стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантириш ва кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди. 2023 йил июнь ойида Рим шаҳрида ўтган олий даражадаги учрашувларда эришилган келишувлар қайд этилди.
Президент матбуот хизмати маълумотларига кўра, кейинги йилларда товар айирбошлаш ҳажми, шу жумладан, етказиб берилаётган маҳсулотлар турининг кенгайгани ҳисобига қарийб 3 баробар ошди. Қўшма корхона ва лойиҳалар сони 2 баробар кўпайди. Италиянинг етакчи компаниялари билан металлургия, электротехника, қишлоқ хўжалиги, чорвачилик, туризм ва бошқа соҳаларда ўзаро манфаатли кооперация йўлга қўйилган.
Ўзбекистон делегацияси Венециядаги биенналеда иштирок этди, Флоренцияда кўргазма ўтказилди. Ўтган йил декабрь ойида Рим ва Виарежо шаҳарларида Ўзбекистон маданияти кунлари бўлиб ўтди. Ўзбекистонда Турин ва Пиза университетларининг филиаллари фаолият юритмоқда. Апрель ойида ректорларнинг иккинчи форуми бўлиб ўтди.
Апрель ойида Самарқандда ўтган саммитга мувофиқ Европа Иттифоқи институтлари билан фаол ҳамкорлик давом эттирилади. Амалий натижаларга эътибор қаратган ҳолда «Марказий Осиё — Италия» саммитини ўтказиш муҳимлиги таъкидланди.
Савдо соҳасида бизнесга техник кўмак дастурларини кенгайтиришга келишиб олинди. Европа Иттифоқи бозорига чиқиш учун ўзбекистонлик экспортчиларни ўқитиш, Тошкентда қўшма Сертификатлаш марказини ташкил этиш, Мувофиқликни баҳолаш тўғрисидаги битимни қабул қилишни тезлаштириш шулар жумласидан.
Бундай лойиҳалар Европа оператори бошқарувида Тошкент вилоятида ташкил этиладиган саноат паркида жойлаштирилиши мумкин.
Лойиҳаларни қўллаб-қувватлашнинг янги механизмларини ишга тушириш учун қўшма инвестиция жамғармасини ташкил этиш, шунингдек, Италиянинг SACE ва SIMEST давлат агентликларини жалб қилиш масаласи кўриб чиқилади.
Янги лойиҳаларни илгари суриш мақсадида Ҳукуматлараро гуруҳ ишини қайта тиклаш ва унинг йиғилишини бизнес форуми билан бирга ўтказишга келишиб олинди.
Ўзбекистон ва Италия ҳудудлари ўртасидаги шериклик муносабатларини кенгайтириш доирасида Ломбардия губернатори Аттилио Фонтана ташрифи ва биринчи Ҳудудлар форуми доирасида амалий натижаларга эришиш муҳим экани таъкидланди.
Ўзбекистонда Италия маданияти кунларини ўтказишга келишиб олинди. Ташриф доирасида меҳнат миграцияси соҳаcида тизимли ҳамкорликни йўлга қўйишга қаратилган битим имзолангани мамнуният билан қайд этилди.
Учрашув якунида эришилган келишувларни амалга ошириш бўйича комплекс «йўл харитаси»ни тайёрлаш тўғрисида қарор қабул қилинди.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.