Давлат раҳбари ўз мактубида Ли Чжэ Мён раҳбарлигида Кореянинг интеллектуал ва иқтисодий қудрати янада ўсишига, халқаро майдондаги обрў-эътибори ва нуфузи мустаҳкамланишига ишонч билдирди.
«Биз Корея Республикаси билан дўстона ва кенг қамровли алоқаларни янги босқичга кўтаришга алоҳида эътибор қаратамиз. Аминманки, Сизнинг президентлик даврингизда алоҳида стратегик шериклик муносабатларимиз барча устувор соҳаларда жадал ривожланади», — дейилади мактубда.
Президент мамлакатлар ўртасидаги кўп қиррали ва узоқ муддатли муносабатларни янада мустаҳкамлаш мақсадида Ли Чжэ Мённи ўзига қулай вақтда Ўзбекистонга расмий ташриф билан келишга таклиф этди.
3 июнь куни бўлиб ўтган сайловларда мухолифатдаги «Тобуро» демократик партияси номзоди Ли Чжэ Мён 49,42% овоз билан Жанубий Корея янги президенти этиб сайланди. У КХДР билан мулоқот орқали хавфсизликни таъминлаш, шунингдек, меҳнат қонунчилигини ислоҳ қилишга ваъда берди. У олдинги сайловда ҳам номзодини қўйган, аммо мағлуб бўлганди.
61 ёшли Ли, шунингдек, меҳнат қонунчилигини ислоҳ қилишга, хусусан, иш ҳафтасини қисқартиришга, ота-оналар учун болалар сонига қараб солиқ чегирмаларини жорий этишга ва пенсия ёшини оширишга ваъда бермоқда.
Сайловлар Конституциявий суд апрель ойида собиқ президент Юн Сок Ёлнинг импичментини тасдиқлаганидан сўнг эълон қилинганди.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.