Майдони 100 гектар бўлган участкалардан бири Кара-суу туманида 312/4 ва 312/6-сонли чегара пунктлари оралиғида жойлашган. Иккинчи участка — 198,44 гектар — Аравон туманидаги 324 ва 328-сонли пунктлар оралиғида.
Ушбу қарорлар икки давлат президентлари томонидан 2022 йил 3 ноябрь куни Бишкекда имзоланган «Ўзбекистон Республикаси билан Қирғиз Республикаси ўртасидаги давлат чегарасининг алоҳида участкалари тўғрисидаги битимни ратификация қилиши ҳақида»ги қонун ижроси доирасида қабул қилинди.
Шартнома билан, умумий узунлиги 302,29 километр бўлган чегара чизиғи, шу жумладан, Ўзбекистон-Қирғизистон давлат чегарасининг 35 та участкаси белгиланди.
Қарорга кўра, Кара-суу ва Аравон туманлари маъмуриятлари ер майдонларини тегишли қишлоқ округлари — Кара-Суу ва Керме-Тоога бепул фойдаланиш учун беришлари ва улардан мақсадли фойдаланишни назорат қилишлари керак. Ҳужжатни амалга ошириш бўйича тадбирларни молиялаштириш маҳаллий бюджетлар ҳисобидан таъминланади.
Участкаларни хатловдан ўтказиш ва давлат рўйхатидан ўтказиш бир ой давомида амалга оширилади. Уларни Қирғизистон Ер ресурслари, кадастр, геодезия ва картография давлат агентлиги президентнинг Ўш вилоятидаги ваколатли вакили билан биргаликда ўтказади.
Аввалроқ Ўзбекистон Қирғизистон билан чегарада яшовчи 130 га яқин оилани кўчиришни режалаштираётгани ҳақида хабар берилганди. Компенсация тўловлари учун 50 миллиард сўм (тахминан 4,5 миллион доллар) ажратилиши керак эди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон ва Қирғизистон ушбу акватория сув ресурсларини биргаликда бошқариш тўғрисидаги битим доирасида икки давлат чегарасидаги Кампиробод сув омборини бошқаришда қўшма корхона ташкил этишга келишиб олган.
Ер айирбошлаш доирасида Ўзбекистонга Андижон сув омборининг 4957 гектар ҳудуди ва тўғонга хизмат кўрсатиш ҳамда қўриқлаш учун қўшимча 19,5 гектар, Қирғизистонга компенсация сифатида 1019 гектар яйлов ерлари берилади. Шунингдек, Андижон сув омборининг чап қирғоғида қуриб битказилмаган Кампиробод канали учун «Ғовасой» участкасидаги 12 849 гектар ер майдони Қирғизистонга компенсация сифатида ўтади.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.