Ўзбекистон қонунчилигида алимент тўлашдан бўйин товлаганлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгиланган, қарздорларнинг мамлакатдан чиқишини вақтинча чеклаш мумкинлиги белгиланган.
Қайд этилишича, 2023 йилда 5697 нафар шахс алимент тўламаганлик учун маъмурий жавобгарликка тортилган. 2024 йилда бу кўрсаткич 35 фоизга ортиб, 8833 нафар шахс моддий таъминлашдан бўйин товлаганлик учун маъмурий жавобгарликка тортилган. Бир йилнинг ўзида жиноят ишлари бўйича судлар томонидан 1109 та айблов ҳукми чиқарилган.
Мажбурий ижро бюроси томонидан Алимент тўловлари жамғармаси тузилиб, унга 50 млрд сўм ажратилган. Ушбу маблағлар қарздорлардан уч ой ичида ундириб бўлмайдиган алиментларни тўлашга сарфланади. МИБ алимент учун қарздорлардан тўланган маблағларни йиғиши керак.
МИБ томонидан 2024 йил давомида 2,1 трлн сўм маблағлар, шундан олдиндан тўлов сифатида 46,3 млрд сўм миқдорида алимент пуллари ундирилган. 2025 йил январь ҳолатига кўра, Алимент тўловлари жамғармаси ҳисобидан 1723 нафар ундирувчига 40,6 млрд сўм маблағ тўлаб берилган.
Сенаторлар муҳокама давомида болаларнинг таъминоти учун алимент ундириш ва тўлаш жараёнида айрим муаммо ва камчиликлар борлигини қайд этди.
Хусусан, болаларга алимент ундириш ва оилани таъминлашнинг бошқа шаклларининг халқаро тартиби тўғрисидаги Гаага конвенциясига қўшилиш, «Алимент тўловлари» жамғармасини шакллантириш манбаларини кенгайтириш ва алимент мажбуриятларини ижро этиш ва назорат қилишнинг ягона ахборот тизимини Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг Ғазначилиги электрон тизими билан интеграция қилиш вазифалари ижроси кечикаётгани сенаторлар томонидан танқид қилинди.
Жамғарма ҳисобидан тўланган маблағларнинг атиги 2 фоизи, яъни 849,2 млн сўми қайтарилгани мазкур йўналишда ҳам таъсирчан чоралар кўриш лозимлигини кўрсатаётгани таъкидланди.
Йиғилишда вояга етмаган болалар номига банк ҳисобварағи очишнинг ҳуқуқий асослари белгиланмагани учун бугунги кунга қадар алиментлар бошқа ҳисобварақларга тўлаб борилгани айтилди.
Оила кодексининг 107-моддасига асосан вояга етмаган бола суд қарори билан ота-онасидан олиниб, болалар тарбия муассасасига жойлаштирилган бўлса, ота ва онанинг ҳар биридан мазкур бола фойдасига белгиланган миқдорларда алиментлар ундирилади. Бунда ундирилган алиментлар мазкур бола номига очилган банк ҳисобварағида жамланиши ва у вояга етганда тўланиши керак.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.