Мирзиёев ва Бародар учрашуви. Ўзбекистон ва Афғонистон нималар тўғрисида келишиб олди?

Мирзиёев ва Бародар учрашуви. Ўзбекистон ва Афғонистон нималар тўғрисида келишиб олди?

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 3 июль куни Озарбайжоннинг Хонкенди шаҳрида ўтаётган Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти саммити доирасида Афғонистон бош вазирининг иқтисодий масалалар бўйича ўринбосари вазифасини бажарувчи Мулла Абдул Ғани Бародар билан учрашув ўтказди.

Мирзиёев ва Бародар учрашуви. Ўзбекистон ва Афғонистон нималар тўғрисида келишиб олди?
Афғонистон бош вазири ўринбосари офисидан маълум қилишларича, учрашувда сиёсий ва иқтисодий алоқалар, темир йўл алоқаларини ривожлантириш, савдо, транзит ва электр энергияси етказиб бериш масалалари муҳокама қилинган.

«Ҳозирда Афғонистон ва Ўзбекистон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 1 миллиард доллардан ошди, бу аввалги кўрсаткичларга нисбатан 60 фоизга кўпдир. Умид қиламизки, бу миқдор яқин келажакда 2 млрд долларга етади», — деди Мулла Бародар.

У Ўзбекистон томонини «Афғонистон товарларини Ўзбекистон ҳудуди орқали Марказий Осиё ва Россияга экспорт қилишга кўмаклашишга» чақирди.

Унинг сўзларига кўра, «иккала қўшни давлат ҳам иқтисодий барқарорликни таъминлаш, инфратузилмани ривожлантириш ва фаровонликни таъминлаш учун тоғ-конь саноати, транспорт, транзит, хизмат кўрсатиш ва асосий ривожланиш соҳаларида ташаббус кўрсатиш ва лойиҳаларни бошқариш орқали ҳамкорлик қилиши керак».

Мирзиёев ва Бародар учрашуви. Ўзбекистон ва Афғонистон нималар тўғрисида келишиб олди?
Президент Шавкат Мирзиёев, Афғонистон ҳукумати раҳбари ўринбосари идораси маълумотларига кўра, Афғонистоннинг турли соҳалардаги тараққиётини қайд этиб, Ўзбекистон «халқаро майдонларда, айниқса БМТда Афғонистондаги вазият бўйича реал фактларни етказаётгани»ни маълум қилди.

Давлат раҳбарининг қўшимча қилишича, мамлакат Афғонистонга сармоя киритишга, жумладан, Мозори Шариф — Ҳирот — Қандаҳор темир йўли лойиҳаси, тўқимачилик фабрикаларини ташкил этиш, цемент ишлаб чиқариш, нефтни қайта ишлаш заводларини қуриш, туз қазиб олиш ва қайта ишлаш, электрон бошқарувга тайёр.

Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон Афғонистонга 500 кВ электр узатиш линияси лойиҳаси тез фурсатда якунланганидан сўнг электр энергияси етказиб бериш ҳажмини оширишга тайёр.

Мирзиёев, шунингдек, «Афғонистон товарлари, айниқса, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини Ўзбекистон орқали Марказий Осиё ва Россияга экспорт қилишга кўмаклашиш бўйича махсус топшириқлар беришини» маълум қилди, шунингдек, мамлакатлар ўртасидаги банк ҳисоб-китобларини яхшилаш, виза режимини соддалаштириш ва Термиздаги Халқаро савдо марказини ривожлантириш муҳимлигини таъкидлади.

Учрашув якунида томонлар Мулла Бародар ва Ўзбекистон бош вазири бошчилигида келишувлар ижросини назорат қилиш учун ҳар уч ойда бир марта йиғиладиган қўшма ишчи гуруҳ тузишга келишиб олди.

2024 йил якунларига кўра, Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 1,13 миллиард доллардан ошди (2023 йилга нисбатан 30,7 фоизга кўп), шундан 1,09 миллиард доллари Ўзбекистон товарлари ва хизматлари экспортига тўғри келади. 2025 йилнинг январь-май ойларида савдо ҳажми 622 млн долларгача ўсди, бу ўтган йилнинг беш ойлик кўрсаткичидан 62,8 фоизга кўпдир.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.