«Эронга қарши ҳарбий ҳаракатлар бутун минтақани урушга жалб қилиш хавфини туғдирди» — Ўзбекистон президенти

«Эронга қарши ҳарбий ҳаракатлар бутун минтақани урушга жалб қилиш хавфини туғдирди» — Ўзбекистон президенти

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 4 июль куни Қорабоғ ҳудудидаги Хонкенди шаҳрида бўлиб ўтган Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) саммитида нутқ сўзлади, дея хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.

У ўз нутқининг аввалида «ноёб тарихий ва маданий меросни ўзида мужассам этган қадимий Қорабоғ заминида» делегациялар раҳбарлари билан учрашиб турганидан мамнун эканини таъкидлади. Давлат раҳбари Ўзбекистон минтақани бунёдкорлик ва тинчлик маконига айлантиришдан мамнун эканини таъкидлади.

Шавкат Мирзиёев, шунингдек, Афғонистон муваққат ҳукумати делегациясининг «узоқ танаффусдан сўнг» иштирокини олқишлади. Унинг қайд этишича, Ўзбекистон ушбу мамлакатни «ташкилот минтақасининг ажралмас қисми, иқтисодий ҳамкорлик ва транспорт боғлиқлигининг муҳим иштирокчиси» деб билади ва уни ҳар томонлама қўллаб-қувватлайди.

Ўзбекистон президенти «жаҳон ҳамжамияти ўткир инқирозни бошидан кечираётгани»ни айтиб, можаро ва зиддиятларнинг аксарияти айнан ИҲТ минтақасида рўй бераётганини қайд этди.

«Халқаро ҳуқуқ ва глобал хавфсизлик институтларининг таназзули мулоқот ва ҳамкорликни янада заифлаштириб, куч ишлатиш ва зўравонликка кенг йўл очмоқда. Хусусан, Ташкилотимиз аъзоси бўлган Эрон Ислом Республикасига нисбатан олиб борилган ҳарбий ҳаракатлар бутун минтақани уруш гирдобига тортиш, кенг миқёсдаги экологик ҳалокат ўчоғининг вужудга келиш хавфини туғдирди», — деди президент.

Ўзбекистон раҳбари Эрон ва Исроил ўртасидаги ўт очишни тўхтатиш тўғрисидаги келишувни қўллаб-қувватлашини билдирди. «Ушбу қарорни минтақадаги кескинликни юмшатиш, хавфсизликни тиклаш йўлидаги муҳим қадам сифатида баҳолаймиз. Бу келишув барча муаммоларни дипломатик ва конструктив музокаралар йўли билан ҳал этиш учун мустаҳкам замин яратишига ишонамиз», — деди у.

«Оммавий қирғин қуролларини тарқатмаслик ва уларни ишлатишдан тийилиш халқаро хавфсизликнинг энг долзарб масаласи эканини инобатга олиб, дунё ҳамжамиятини яна бир бор ядро қуролидан холи ҳудудлар географиясини кенгайтиришга чақирамиз», — деди Шавкат Мирзиёев.

Шунингдек, Ўзбекистон президенти Ғазодаги ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш, ғайриинсоний шароитдан азоб чекаётган аҳолига гуманитар ёрдам кўрсатишга ҳеч қандай тўсиқ қўймаслик, БМТ резолюцияларига мувофиқ мустақил Фаластин давлатини барпо этиш зарурлигини таъкидлади.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.