Президент матбуот хизмати хабарига кўра, томонлар икки давлат стратегик шериклик муносабатларини қабул қилинган «йўл харитаси» асосида кенгайтириш ва мустаҳкамлашнинг долзарб масалаларини муҳокама қилган.
Етакчилар турли даражалардаги мулоқотлар фаол кечаётганини қайд этди. Хусусан, ўзаро савдо ҳажми, қўшма корхоналар ва тўғридан-тўғри авиақатновлар кўпаймоқда. Карачи ва Лаҳорда савдо уйлари ташкил этилган.
«Савдо-иқтисодиёт, инвестиция ва транспорт-коммуникация соҳаларидаги кооперация лойиҳалари ва дастурларини жадаллаштириш, шу жумладан, Трансафғон темирйўли қурилишини илгари суришга алоҳида эътибор қаратилди», — дейилади хабарда.
Куни кеча Шавкат Мирзиёев ва Афғонистон бош вазирининг иқтисодий масалалар бўйича ўринбосари вазифасини бажарувчи Мулла Абдул Ғани Бародар ҳам Трансафғон темирйўли қурилишини жадаллаштириш зарурлигини таъкидлаганди.
Учрашувда жорий йилда ўтказилиши режалаштирилган Ҳукуматлараро комиссия йиғилиши ва бизнес форумини самарали ўтказиш муҳимлиги таъкидланди.
Ўзбекистон ва Покистон етакчилари халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик масалалар юзасидан ҳам фикр алмашди.
Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев февраль ойидаги Ўзбекистон — Покистон бизнес форумида савдо-иқтисодий ҳамкорлик икки томонлама муносабатларнинг «локомотиви» сифатида белгиланганини таъкидлаганди. «Улкан салоҳиятга эга бўлган иқтисодиётларимиз бир-бирини тўлдиришга қодир», — деганди у форумда.
Ўз навбатида, Шаҳбоз Шариф Ўзбекистонда камбағаллик даражаси 42% дан 8% гача камайгани ва инвестиция сезиларли даражада ошганини «мўжиза» деб атаган. У президент Шавкат Мирзиёевда «аниқ қарашлар, тинимсиз меҳнат ва якдил мақсад сари дадил интилиш»ни кўришини айтган.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.