ТОШКЕНТ, 2025-йил 1-июл – Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО)нинг Европа ва Марказий Осиё минтақавий ваколатхонаси статистиги Расмийя Алиева Ўзбекистонга ташриф буюрди. Ташриф мақсади Ўзбекистонда аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш тадбирини ўтказишда техник кўмак беришдан иборат.
Ушбу тадбирни ўтказишдан мақсад мамлакатдаги аҳоли таркиби, меҳнат ресурслари, уй-жой фонди, қишлоқ хўжалиги ер майдонларининг аниқ ўлчамларини, чорва моллари ва паррандаларнинг сонини аниқлаш орқали рўйхатдан ўтказиш натижаларига кўра келгусида мамлакатнинг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва ижтимоий-иқтисодий ривожланиш ҳолатини яхшилашга қаратилган аниқ чора-тадбирларни ишлаб чиқишдан иборатдир.
Шунингдек, республиканинг ҳар бир маъмурий-ҳудудий бирлиги ва маҳаллалар кесимида аҳоли ва қишлоқ хўжалигининг турли тавсифлари тўғрисида ягона статистик услубиёт асосида халқаро даражада таққослаш мумкин бўлган долзарб ва ишончли маълумотларни шакллантириш орқали мамлакатнинг ривожланиш салоҳиятига нисбатан ишончни янада ошириш ҳисобига унинг инвестицион жозибадорлигини ва халқаро рейтинглардаги ўрни яхшиланади.
Миссия Миллий статистика қўмитаси ва Қишлоқ хўжалиги вазирлиги раҳбарияти, бошқарма ва бўлимлар вакиллари билан учрашувдан бошланди. Учрашувда Миллий статистика қўмитасининг Рўйхатга олиш жараёнларини ташкил этиш ва ўтказиш бошқармаси, Қишлоқ хўжалиги ва атроф-муҳит статистикаси бошқармаси, Аҳоли турмуш даражаси статистикаси ва камбағаллик баҳолаш бошқармаси, Ижтимоий соҳа статистикаси бошқармаси ҳамда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги соҳасида стратегик ривожланиш ва тадқиқотлар халқаро маркази (ИСCАД) вакиллари иштирок этдилар.
Миссия давомида Миллий статистика қўмитасида фаол маслаҳатлар олиб борилди. Ушбу учрашувлар давомида қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш масалалари бўйича кенг қамровли муҳокамалар ўтказилди, ФАОнинг Qishloq xo’jaligi ro’yxati bo’yicha Jahon dasturi (WCA 2020) талаблари асосида мавжуд ёндашувлар таҳлил қилинди ва такомиллаштириш йўллари белгиланди.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.