Ўтган йилнинг ўзида пойтахтда 12 мингта янги объект, жумладан, савдо ва хизмат кўрсатиш мажмуалари фойдаланишга топширилди. Бу турмуш даражаси ва маиший техникадан фойдаланишнинг ўсиши билан бирга, электр энергияси истеъмолини ҳам оширади.
Икки йил давомида шаҳар электр таъминотини модернизация қилиш учун 2,8 триллион сўм (Марказий банкнинг амалдаги курси бўйича 222,5 миллион доллар) йўналтирилган: 36 та нимстанция, 665 та трансформатор, 2 минг километрдан ортиқ тармоқ янгиланган. Шунга қарамай, 46 та нимстанция ва 207 та трансформатор ортиқча юклама билан ишламоқда. Йил бошидан буён истеъмолчилар сони 40 мингга, талаб 6 фоизга ошган.
Бундан ташқари, агар илгари ёзда жазирама давомийлиги бир ҳафтадан ошмаган бўлса, бу йил у 20 кун давом этди, дейилади хабарда. Июль ойида шаҳарда электр энергияси истеъмоли даражаси 900 миллион кВт/соатдан ошган.
Президент куз-қиш мавсуми яқинлашиб келаётганига эътибор қаратиб, жорий режа бўйича барча ишларни 1 ноябргача якунлаш зарурлигини таъкидлади.
Шу билан бирга, мамлакатда ишлаб чиқариш қуввати оширилиб, корхоналар муқобил энергияга айлантирилмоқда. 2027 йилга бориб йирик корхоналар ва сайёҳлик объектлари томонидан қуввати 752 МВт бўлган қуёш электр станциялари ва 812 МВт қувватга эга омборхоналар ўрнатиш режалаштирилмоқда.
2023 йил ноябрь ойида энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов энергетика инқирози шароитида Қонунчилик палатасидаги «Ҳукумат соати»да депутатлар саволларига жавоб берганди. Ўшанда у Тошкент шаҳрининг энергетика инфратузилмасини янгилаш, жумладан, электр тармоқлари ва нимстанцияларни қуриш ва таъмирлаш учун 14 триллион сўм (тахминан 1,14 миллиард доллар) йўналтирилганини маълум қилган.
1 август куни сенатор Сайёра Абдикаримова Энергетика вазирига мурожаат қилиб, Тошкент шаҳрида аҳолининг шикоятларига сабаб бўлаётган электр таъминотидаги узилишлар, хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятидаги носозликлар, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш сабабларини тушунтиришни сўраган эди.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.