Озарбайжон президенти матбуот хизматининг маълум қилишича, Алиев Мирзиёевга қўнғироқ қилган.
Ўзбекистон раҳбари Озарбайжон етакчиси ва халқини «тарихий воқеа» — Вашингтон шаҳрида Озарбайжон ва Арманистон ўртасида тинчлик декларацияси имзолангани билан қутлади.
Шавкат Мирзиёев тез фурсатда тинчлик битими расман имзоланиши Жанубий Кавказда тинчлик, барқарорлик ва равнақни таъминлашда муҳим аҳамият касб этишига ишонч билдирди.
Томонлар июль ойида Озарбайжонга давлат ташрифи давомида эришилган келишувларни амалга ошириш доирасида икки томонлама стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлашнинг долзарб масалаларини муҳокама қилди.
«Ўзбекнефтгаз» ва Озарбайжоннинг SOCAR компанияси ўртасида нефть-газ соҳасидаги стратегик лойиҳа бўйича имзоланган маҳсулот тақсимотига оид битим доирасида ҳам амалий ишлар олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Арманистон ва Озарбайжон АҚШда унинг воситачилигида ҳамкорлик ва ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш тўғрисидаги декларацияни имзолаганди. Улар ҳарбий ҳаракатларни абадий тўхтатиш, савдо, саёҳат ва дипломатик алоқаларни тиклаш, суверенитет ва ҳудудий яхлитликни ҳурмат қилиш мажбуриятини олади, деди Трамп.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.