Форум Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг маслаҳат учрашувлари доирасида ташкил этилган биринчи беш томонлама формат бўлди. Унинг биринчи сессияси 2018 йилда Тошкентда бўлиб ўтганди. Орадан етти йил ўтиб, платформа илк бор «ички» мулоқот доирасидан чиқди: мунозараларга 14 мамлакатдан экспертлар, шунингдек, БМТ, ЕХҲТ ва ЕИ вакиллари қўшилди.
«Бугун биз олдимизга жуда муҳим саволни қўядиган маррага етиб келдик: минтақавий ҳамкорликни қандай давом эттириш керак? Минтақавий интеграция йўлидан қаергача боришга тайёрмиз? Биринчи навбатда, қайси устувор йўналишларни бирлаштириш керак?» — дея муҳокама доирасини белгилаб берди СМТИ директори Элдор Арипов.
Gazeta экспертлар билан Марказий Осиё барқарор ривожланиш учун қанчалик умумий макон экани, қайси соҳалар узоқ муддатли шериклик пойдеворини яратишга қодирлиги ва бугунги кунда мамлакатларга ҳақиқий минтақавий бирдамлик сари ҳаракатланишга нима тўсқинлик қилаётгани ҳақида суҳбатлашди.
Қозоғистон Миллий иқтисодиёт вазирлиги ҳузуридаги Иқтисодий тадқиқотлар институти бошқаруви раиси ўринбосари Кайсар Нигметовнинг Gazeta`га таъкидлашича, бугунги кунда Марказий Осиё ягона иқтисодий макон шаклланиши белгиларини кўрсатмоқда:
«Минтақа савдо, инвестиция ва транспорт-коммуникация салоҳияти очилаётган конструктив ҳамкорлик майдонига айланмоқда. Марказий Осиё мамлакатлари иқтисодиёти барқарор ривожланмоқда: 2024 йилда ялпи ички маҳсулот қарийб 500 миллиард АҚШ долларига етди — бу 2020 йилга нисбатан 67 фоизга кўпдир. Ўзаро савдо ҳажми сўнгги беш йилда қарийб 80 фоизга ўсиб, 11,6 миллиард долларни ташкил этди», — деди Нигметов.
Экспертнинг сўзларига кўра, бу кўрсаткичлар қўшма лойиҳалар учун шарт-шароитлар яратилганидан ва ўзаро инвестицияларга қизиқиш ортиб бораётганидан далолат беради.
«Минтақа аста-секин ташқи молиялаштириш манбаларини тўлдиришга қодир бўлган ички капитал бозорини шакллантирмоқда», — дея таъкидлади эксперт.
Прогрессив ислоҳотлар маркази директори Миршоҳид Асланов минтақа давлатлари «ҳамкорликда жиддий равишда олдинга силжиганини» таъкидлади: чегара масалаларини ҳал қилиш, сув ресурсларидан фойдаланишни келишиш, транспорт ва энергетика лойиҳаларини ишга туширишга муваффақ бўлинди.
«Глобал ишонч тақчиллиги шароитида Марказий Осиё ўзаро ҳамкорликнинг ижобий намунасини кўрсатмоқда», — деди у.
Бироқ, унинг сўзларига кўра, ҳақиқий интеграция учун олдинга силжиш керак.
Биринчидан, ҳамкорликни институционаллаштириш — фақат олий даражадаги учрашувлар билан чекланиб қолмасдан, доимий мувофиқлаштирувчи тузилмалар: кенгашлар, лойиҳа офислари, келишувларни мониторинг қилиш платформаларини яратиш.
Иккинчидан, регламентларни унификация қилиш, тартиб-таомилларни рақамлаштириш ва сертификатларни ўзаро тан олиш орқали ўзаро савдодаги тўсиқларни бартараф этиш ва ягона бозорни шакллантириш.
Учинчидан, минтақавий ўзига хосликни нафақат элиталар даражасида, балки жамиятда ҳам — маданий ташаббуслар, таълим алмашинувлари ва биргаликдаги медиа орқали мустаҳкамлаш.
Асланов экспертлар форумининг панель сессиясида Марказий Осиёнинг турли мамлакатларидан қирқ нафар мутахассис томонидан тайёрланган Минтақавий ўзига хослик концепцияси лойиҳаси тақдим этилгани ва муҳокама қилинганини таъкидлади.
«Шундай қилиб, Марказий Осиё экспертлар форуми ҳамкорликнинг янги архитектурасини ишлаб чиқиш учун ўзига хос ғоялар лабораториясига айланмоқда, бу ерда босқичма-босқич ишонч, хавфсизлик ва барқарор ривожланишнинг умумий макони пойдевори шакллантирилмоқда», — деди у.
Maslahatçylar (Туркманистон) консалтинг компаниясининг бошқарувчи ҳамкори ва ҳаммуассиси Какажан Бердиев Gazeta`га минтақада ишонч нафақат шакллангани, балки мустаҳкамланиб бораётганини таъкидлади.
«Бизнес раҳбари сифатида мен минтақа бўйлаб тез-тез саёҳат қиламан ва буни қўшма лойиҳалар сони ва қўшни давлатлардаги ҳамкасбларнинг ортиқча бюрократиясиз тўғридан-тўғри мулоқотга тезроқ киришга тайёрлигида кўраман. Бу ишонч иш қуролига айланиб бораётганидан далолат беради», — деди у.
Экспертнинг сўзларига кўра, бугунги кунда минтақа давлатлари нафақат хавфсизлик ва иқтисодиёт масалаларини, балки экологик кун тартибини ҳам тобора фаол муҳокама қилмоқда.
«Барқарор ривожланиш асосий мавзулардан бири бўлиб қолмоқда, чунки Марказий Осиёда иқлим ўзгаришлари дунёдаги ўртача кўрсаткичдан кўра кучлироқ сезилмоқда. Кейинги 30 йилда минтақамизда ҳаво ҳарорати жаҳондаги ўртача кўрсаткичдан икки баробардан зиёд кўтарилган. Бу ўзгаришлар қишлоқ хўжалиги, сув ресурслари ва иқтисодиётга таъсир қилади. Шунинг учун муҳокамалар тобора кўпроқ яшил технологиялар, энергия самарадорлиги ва амалиётга ўтказиш муҳим бўлган ҳамкорликнинг янги форматлари ҳақида бормоқда», — деди Какажан Бердиев.
Қозоғистонлик, ўзбекистонлик ва туркманистонлик экспертлар, умуман олганда, ижобий ўзгаришлар ва эришиб улгурилган натижаларни қайд этмоқда, бироқ, четдан эътибор берганда, мустақил қарашлар анча вазминроқ. Финляндия халқаро муносабатлар университети постдокторанти Кристина Сильваннинг фикрича, Марказий Осиёнинг ягона ишонч, хавфсизлик ва барқарор ривожланиш макони сифатидаги ғояси реалликдан кўра кўпроқ мақсад бўлиб қолмоқда.
«Айтишим мумкинки, ҳозирча Марказий Осиё бундай умумий макон эмас. Аммо мамлакатларда ишонч, хавфсизлик ва барқарорликка бўлган чинакам умумий интилиш бор ва бу муҳимдир. Ва, энг муҳими, бир тушунча пайдо бўлмоқда: бунга ёлғиз эмас, балки фақат биргаликда эришиш мумкин», — деди тадқиқотчи Gazeta билан суҳбатда.
Кайсар Нигметовнинг таъкидлашича, Марказий Осиё дунё океанига чиқа олмайдиган давлатлардан ташкил топган дунёдаги ягона минтақадир. Шу муносабат билан транспорт-логистика салоҳиятини ривожлантириш алоҳида стратегик аҳамият касб этади. Унинг сўзларига кўра, минтақавий ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш ва транспорт харажатларини камайтириш миллий иқтисодиётларнинг ўсишига, рақобатбардошликни оширишга ва халқаро меҳнат тақсимотида фаолроқ иштирок этишга йўл очади.
«Минтақа мамлакатлари иқтисодиётларининг бир-бирини тўлдириши ташқи зарбаларга чидамлиликни ошириш ва савдо-ишлаб чиқариш циклларини диверсификация қилиш имконини беради», — деди у
Мисол тариқасида эксперт трансчегаравий ҳаблар лойиҳаларини келтирди: Қозоғистон ва Қирғизистон чегарасидаги «Алатау» саноат-савдо-логистика мажмуаси, шунингдек, Қозоғистон ва Ўзбекистон чегарасидаги «Марказий Осиё» халқаро саноат кооперацияси маркази шулар жумласидан.
Миршоҳид Асланов узоқ муддатли ҳамкорликни минтақа аҳолисининг ишончи ва иштирокисиз амалга ошириб бўлмаслигига эътибор қаратди.
«Одамлар ҳамкорликдан амалий фойда кўрса, ёшлар бирдамликдан фахрланса, интеграция мавҳумликдан чиқиб, табиий воқеликка айланади», — дея таъкидлади эксперт. Унинг сўзларига кўра, бу ерда халқ дипломатияси: талабалар ва мутахассислар алмашинуви, қўшма маданий ва медиа лойиҳалар, чегараолди ҳамкорлик дастурлари муҳим роль ўйнайди.
Какажан Бердиевнинг фикрича, давлат-хусусий шериклик асосий йўналиш бўлиши керак.
«Ҳудуд ялпи ички маҳсулотида хусусий секторнинг улуши ўртача 59,2 фоизни ташкил этади. Бу шуни англатадики, бизнес бугунги кунда минтақа иқтисодиётининг ярмидан кўпини ташкил этмоқда. Уни янада ривожлантириш мақсадида хусусий сектор компаниялари фаол иштирокида Марказий Осиё ишбилармонлар кенгашини тузишни таклиф қилдим. Ушбу кенгаш минтақамизда узоқ муддатли ўзаро манфаатли шериклик учун платформа бўлиб хизмат қилади», — деди эксперт.
Кристина Сильван иқлим ва экологик кун тартибини устувор соҳалар қаторига киритди.
«Иқлим ўзгариши оқибатлари минтақанинг барча мамлакатлари учун умумий чақириқдир. Агар давлатлар ҳамкорлик қилмаса, ҳамма жабр кўради. Иқлим ўзгариши оқибатларига қарши курашда ҳамкорлик интеграция драйвери бўлишга қодир», — деди у.
Унинг сўзларига кўра, ишончнинг шаклланиши муҳим омилга айланган, «чунки раҳбарлар ўртасидаги ишонч аста-секин жамиятнинг бошқа даражаларига ҳам ёйилмоқда». Узоқ муддатли ҳамкорликни рағбатлантиришга қодир омиллар қаторида эксперт БМТ низоми, иқлим ва экология кун тартиби, инсон капиталини ривожлантириш, шунингдек, интеграциянинг муваффақиятли халқаро амалиётини ўрганишни санаб ўтди.
Прогрессив ислоҳотлар маркази директори Миршоҳид Асланов минтақа давлатларининг ижтимоий-иқтисодий ривожланишидаги тафовутни асосий тўсиқ деб ҳисоблайди. Унинг сўзларига кўра, «камроқ ривожланган мамлакатлар кўпинча рақобатдан қўрқади ва шунинг учун чеклов чораларини ушлаб туришга мойил бўлади». У қўшма лойиҳаларни ишга тушириш ва минтақа ичида ишлаб чиқариш занжирларини яратишни ечим деб билади.
«Асосийси, рақобатлашиш эмас, балки саноат сиёсатини қўшниларнинг саъй-ҳаракатларини тўлдириш учун мувофиқлаштиришдир. Шундай қилинса, фарқлар рақобат манбаига эмас, балки стимул учун рағбатга айланади».
Асланов яна бир омил сифатида халқаро ташкилотларга аъзоликдаги фарқни кўрсатди: баъзи мамлакатлар ЕОИИ ёки КХШТга киради, бошқалари эса йўқ. Бу умумий қоидаларни ишлаб чиқишни қийинлаштиради.
Унинг фикрича, «мамлакатлар биргаликда йўллар қурган, энергетика лойиҳалари ёки таълим дастурларини ишга туширган» жойда ишонч мустаҳкамланади. Шу билан бирга, савдодаги тўсиқлар, сув ресурсларининг ҳал этилмаган масалалари ва ташқи ахборот хуружлари жиддий муаммо бўлиб қолмоқда. Шу муносабат билан Прогрессив ислоҳотлар маркази мамлакатлар ва фуқаролик жамияти ўртасидаги мулоқот майдони — Фарғона тинчлик форумини ўтказиш ташаббусини илгари суришни режалаштирмоқда.
Кайсар Нигметов Gazeta`га берган изоҳида ҳамкорлик динамикасига транспорт инфратузилмасининг ортда қолиши ва минтақанинг ташқи омилларга юқори сезгирлиги энг кўп таъсир кўрсатаётганини таъкидлади.
«Барқарорликни фақат ишончни чуқурлаштириш, келишилган чора-тадбирлар ва йирик лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш орқали таъминлаш мумкин», — деди у.
«Марказий Осиёнинг иқтисодий салоҳиятини тўлиқ очиб бериш учун шошилинч чоралар кўриш зарур. Аввало, бу савдо ва божхона сиёсатини бирлаштириш — рақамли тизимларни жорий этиш ва минтақавий «ягона дарча»ни яратиш бюрократия ва савдо харажатларини камайтиради. Иккинчи йўналиш — инфратузилмага инвестициялар: Ўрта, Шарқий-Ғарбий ва Жанубий йўлаклар мувофиқлаштирилган сармояларни талаб қилади ва бу ерда минтақавий жамғарма, шунингдек, ЕТТБ, ОТБ ва Жаҳон банки кўмагини кўриб чиқиш керак. Учинчи асосий устувор йўналиш — саноат ва аграр соҳада қўшилган қиймат занжирларини шакллантиришдан иборат бўлиши лозим. Қўшма қайта ишлаш корхоналари, тўқимачилик кластерлари ёки йиғиш корхоналари минтақавий интеграциянинг янги моделига асос бўлиши мумкин», — деб таъкидлади эксперт.
Ишонч ҳақида гапираркан, у доимий мулоқот ва мунтазам равишда минтақавий форумлар ўтказиш муҳимлигини айтди: «Бугунги кунда бизда бундай платформалар атиги 11 та. Бу — яхши кўрсаткич, лекин келажакда улар кўпроқ бўлиши керак. Мулоқот ва шаффофликнинг йўқлиги ишонч учун асосий хавфдир».
«Мулоқот, дипломатия ва умумий қоидаларни ишлаб чиқиш муҳим. Ишончни қуриш қийин, аммо йўқотиш осон, шунинг учун очиқ алоқа линиялари ва максимал шаффофликни сақлаб қолиш керак», — деди у.
Эксперт Шимолий Европа тажрибаси билан ўхшашликни келтириб ўтди: «Скандинавия мамлакатлари ҳам ўзаро рақобатлашади, аммо улар масалаларни дипломатик йўл билан ҳал қилишга муваффақ бўлади. Марказий Осиё давлатлари фақат шу йўлдан бормоқда ва ҳозирча ишонч жуда заиф бўлиб қолмоқда. Тўпланган ижобий тажриба йўқолиб кетмаслиги муҳимдир».
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.