Қайд этилишича, Андрей Бабишга унинг биринчи ўринбосари ва иқтисодиёт вазири Карел Гавличек ҳамда энергетика, транспорт, машинасозлик ва мудофаа саноати каби соҳалардаги 50 та компания вакилларидан иборат тадбиркорлар делегацияси ҳамроҳлик қилади.
Улар 26−30 апрель кунлари Озарбайжон, Қозоғистон ва Ўзбекистонда бўлади. Ташрифдан кўзланган асосий мақсад Чехия экспортини ва ўзаро савдо алоқаларини қўллаб-қувватлашдир, дейилади хабарда.
Ўзбекистонда президент Шавкат Мирзиёев билан учрашув режалаштирилган. Шунингдек, Чехия — Ўзбекистон бизнес форуми ўтказилиши ҳам режа қилинмоқда.
«Кавказга йўналтирилган ушбу тадбиркорлик миссияси ҳукуматимизнинг устувор йўналиши — иқтисодий дипломатияни акс эттиради. Биз Европа Иттифоқидан ташқаридаги давлатлар орасида ҳам кучли ва барқарор шерикларга эга бўлишимиз керак, шу боис Иттифоқдан ташқарига илк сафаримиз айнан Озарбайжон, сўнгра Қозоғистон ва Ўзбекистонга амалга оширилмоқда. Биз компанияларимиз экспортини ва умумий товар айирбошлашни рағбатлантирмоқчимиз, чунки бу бозорларнинг аҳамияти тобора ортиб бормоқда…», — деди Андрей Бабиш.
Чехиянинг Ўзбекистондаги элчиси Лубомир Фребортнинг маълум қилишича, ташриф доирасида темирйўл транспорти соҳасида Škoda лойиҳасини амалга ошириш бошланади. Лойиҳа электропоездларни етказиб бериш, уларни Ўзбекистонда йиғиш ва босқичма-босқич ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришни назарда тутади. Бунинг учун Тошкент давлат транспорт университети қошида кадрлар тайёрловчи Škoda академияси очилиши кутилмоқда.
«Айнан, Ўзбекистонга ташриф энг муваффақиятлиси бўлиши кутилмоқда. Асосий мақсад — инвестиция, саноат, иқтисодиёт ва савдо соҳаларида ҳамкорлигимизнинг кенгайтириш учун янги имкониятлар топиш», — деди элчи.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.