Ўзбекистон раҳбари матбуот хизмати хабарига кўра, суҳбатда икки давлат стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш ва кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.
Етакчилар кейинги йилларда ўзаро ҳамкорликда катта ўсишга эришилгани, барча даражалардаги алмашинув ва мулоқотлар жадаллашганини қайд этди.
Ўзаро савдо кўрсаткичлари барқарор ошиб бормоқда. Корея компанияларининг Ўзбекистон иқтисодиётига тўғридан-тўғри инвестициялари ҳажми 8 миллиард доллардан ошди, дейилади хабарда.
Мамлакатда Корея етакчи олий таълим муассасаларининг 4 та филиали, ҳудудларда профессионал таълим марказлари муваффақиятли фаолият юритмоқда.
Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги, Корея Эксимбанки ва унинг фондлари билан кўп йиллар давомида самарали шериклик қилиб келинаётгани, лойиҳаларнинг умумий портфели 3,5 миллиард долларга етганига юқори баҳо берилди.
Муҳим хомашё ресурсларини чуқур қайта ишлаш, кимё, машинасозлик, қишлоқ хўжалиги, транспорт, авиация, биотехнологиялар ва бошқа устувор йўналишлардаги лойиҳаларни илгари суришни назарда тутадиган янги узоқ муддатли Технология ва саноат шериклиги дастурини тайёрлаш юзасидан келишувга эришилди.
Шу маънода Ҳукуматлараро комиссиянинг бўлажак йиғилишини самарали қилиб ўтказиш муҳимлиги қайд этилди. Минтақавий, шу жумладан, «Марказий Осиё — Корея Республикаси» форматида ҳамкорлик масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Учрашув якунида Шавкат Мирзиёев Корея президентини давлат ташрифи билан Ўзбекистонга келишга таклиф этди.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.