«105 миллиард доллар — бу ёмон эмас». Трамп Америка маҳсулотлари хариди учун Мирзиёевга миннатдорлик билдирди

«105 миллиард доллар — бу ёмон эмас». Трамп Америка маҳсулотлари хариди учун Мирзиёевга миннатдорлик билдирди

Аввал хабар берганимиздек, 23 сентябрь куни БМТ бош қароргоҳида Шавкат Мирзиёев ва АҚШ президенти Дональд Трампнинг музокаралари бўлиб ўтди. Учрашув тўғридан-тўғри эфирда намойиш этилди.

АҚШ президенти Ўзбекистон раҳбарининг АҚШнинг 50 дан ортиқ йирик компания ва банклари раҳбарлари билан ўтказган учрашувлари ва музокаралари самарадорлигини юқори баҳолади.

Ўзбекистон президенти ташрифи олдидан фуқаролик авиацияси, тоғ-кон саноати, муҳим минераллар, молия, инновациялар, кимё, энергетика ва бошқа устувор йўналишларда шартномалар ва истиқболли лойиҳалар портфели шакллантирилди.

Шавкат Мирзиёевни кутиб олганда, Дональд Трамп шундай деди: «У жуда ҳурматга сазовор етакчи. У анча йилдан бери — ўн беш ёки ўн олти йилдан буён раҳбарлик қилиб келмоқда, тўғрими? Кимдир бунчалик узоқ раҳбарлик қилиши учун ягона сабаб — у жуда прогрессив ва ўзига ишонган инсон бўлишидир» (Шавкат Мирзиёев 2003—2016 йилларда — 13 йил Ўзбекистон бош вазири, 2016 йил кузида президент в.б., ўша йил декабрида президентликка сайланган — 9 йил — таҳр.).

Дональд Трамп Ўзбекистон томонидан турли хил Америка маҳсулотлари «катта миқдорда харид қилингани»ни қайд этди. «Уларда кўп пул бор. Кўп нефть ва кўп пул», — деди у.

«Биз дунёдаги энг яхши ускуналарни ишлаб чиқарамиз ва сиз учун энг яхшиларини етказишга ваъда берамиз», — деб ишонтирди АҚШ президенти.

У, шунингдек, Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеяси сессиясидаги чиқишини томоша қилишга ваъда берди.

Шавкат Мирзиёев Дональд Трамп билан учрашув учун миннатдорлик билдирди, у ваъдасини бажараётганини таъкидлаб: «Сиз бугун учрашамиз, деган эдингиз — ана, учрашиб турибмиз», — деди.

Ўзбекистон президенти америкалик ҳамкасбини мамлакат икки давлат раҳбарлари ўртасида яқиндаги телефон мулоқоти давомида эришилган барча келишувлар албатта амалга оширилишини ишонтирди.

Шу билан бирга, у Дональд Трампни бир қатор можароларни тўхтатгани билан табриклади, айниқса — Марказий Осиё минтақаси учун муҳим бўлган Озарбайжон ва Арманистон ўртасидаги низо бўйича. «Яна бир бор такрорлайман — сиз ҳаммадан ҳам кўпроқ Нобель мукофотига муносибсиз», — деди Шавкат Мирзиёев.

Президент аниқлик киритишича, унинг АҚШга ташрифи доирасида 105 миллиард долларлик лойиҳалар шакллантирилган. 2018 йилги ташрифчоғида эса бу кўрсаткич 19,4 миллиард долларни ташкил этган эди. Йирик шартномалардан бири — 8,5 миллиард долларлик Boeing 787−9 Dreamliner самолётларини етказиб бериш.

«105 миллиард доллар — бу ёмон эмас», — дея жавоб қилди Дональд Трамп.

«Мен сизни Ўзбекистонда кутаман, — деди Шавкат Мирзиёев суҳбат якунида. — Сиз Самарқандга ташриф буюришга ваъда берган эдингиз».

«Мамнуният билан, буни ўйлаб кўраман», — деб жавоб берди Дональд Трамп.

Видео


Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.