Депутатлар хавфсиз муҳит яратиш ва ҳуқуқбузарликнинг олдини олишга доир қонунни қабул қилди

Депутатлар хавфсиз муҳит яратиш ва ҳуқуқбузарликнинг олдини олишга доир қонунни қабул қилди

Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси 23 сентябрдаги йиғилишида хавфсиз муҳит яратиш ва ҳуқуқбузарликнинг барвақт олдини олиш тўғрисидаги қонунни қабул қилди, деб хабар берди қуйи палата матбуот хизмати.

Қурол назорати


Депутатларнинг таъкидлашича, сўнгги йилларда жамоат жойларида совуқ қуролларни ноқонуний сақлаш ҳолатлари кескин ортган, бу жамоат хавфсизлиги, фуқаролар тинч ҳаёти, ҳуқуқ-тартиботни таъминлашга таҳдид солмоқда.

Ҳужжат оиладаги зўравонлик билан боғлиқ жиноятларни содир этган шахсларга қурол олишни тақиқлайди. Шунингдек, ҳуқуқ-тартибот идоралари болаларга нисбатан зўравонлик содир этган шахслардан қуролларни вақтинча олиб қўйиш тартибини ҳам белгилайди.

Қонун лойиҳаси бир гуруҳ депутатлар томонидан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқидан фойдаланган ҳолда тақдим этилди. Парламентда кўриб чиқилишидан аввал парламент фракциялари иштирокида тўртта ишчи гуруҳ йиғилиши бўлиб ўтди.

Халқаро ишлар, мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Улуғбек Шерматов биринчи ўқишда Махмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 185−2-моддасини (Совуқ қуролни ёки совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган ашёларни олиб юриш) янги санкция — 1 суткагача маъмурий қамоқ билан тўлдириш таклиф қилинганини эслатиб ўтганди.

Қонуннинг ижтимоий хавфлилик даражасини ҳисобга олган ҳолда депутатлар жазони 15 кунгача оширишни таклиф қилди. Ушбу модданинг амалдаги таҳририда ҳуқуқбузарлик объекти мусодара қилинган ёки қилинмаган ҳолда БҲМнинг 1 дан 5 бараваригача миқдорда жарима солиш назарда тутилган.

Наркоэкспертиза комиссиялари


Қонунда чекка ҳудудларда наркологик экспертиза ўтказиш учун ихтисослаштирилган туманлараро тиббий комиссиялар ташкил этилиши белгиланган. Уларни ташкил этиш тўғрисидаги қарор Қорақалпоғистон соғлиқни сақлаш вазири, вилоятлар соғлиқни сақлаш бошқармалари, Тошкент шаҳри соғлиқни сақлаш бош бошқармаси бошлиқлари томонидан қабул қилинади.

Яна бир ўзгариш наркологик касалликларга чалинган шахсларни мажбурий даволаш тартибига тегишли.Бир марта маъмурий жавобгарликка тортилган, наркологик касалликка чалинган шахс ҳам суд қарори билан даволашга юборилиши мумкин.

ССВ қонун расмий эълон қилинган кундан бошлаб икки ой муддатда комиссиялар тузиладиган туманлар рўйхатини тасдиқлаши шарт.

Ҳужжат муҳокамаси чоғида Қонунчилик палатаси спикери Нуриддин Исмоилов нега лойиҳада ССВга комиссиялар иш тартибини белгилашни талаб қилувчи банд киритилганини сўради.

«Гап янги комиссиялар ҳақида кетяпти, ҳурматли спикер. Бундай комиссиялар ҳозирча мавжуд эмас. Келинг, улар қандай ишлашини Соғлиқни сақлаш вазирлиги белгиласин. Вазирлик билан бирга ишладик. Улар туман тиббиёт бирлашмалари таркибида фаолият юритиши кутилмоқда. Нарколог бўлмаса, қўшни тумандан олиб келинади. Таркиб қандай шаклланишини белгилаб бериш керак», — жавоб берди Шерматов.

«Аммо бу сизнинг версиянгизда йўқ эди, ўзингиз қўшгансиз», — деди Нуриддин Исмоилов.

«Ҳа, биз қўшдик. Лойиҳани ташаббус сифатида киритганимизда, бу жиҳат эътиборга олинмаган бўлиши мумкин. Лекин муҳокама давомида бу зарур деган хулосага келдик. Соғлиқни сақлаш вазирлиги эса буни қўллаб-қувватлади», — деди қўмита раҳбари.

Спикер ҳар бир ваколатли органни санаб ўтиш шарт эмаслигини таъкидлади: «Муҳими бошқа нарса, комиссия — хулоса чиқарадиган орган… Бунинг учун унинг вазифалари ва уни шакллантириш тартибини белгилаб берсангиз кифоя. Шунинг учун қонуннинг аввалги таҳририни қолдиришни таклиф қиламан», — деди Нуриддин Исмоилов.

Парламент аъзолари қонунни қабул қилиб, кўриб чиқиш учун Сенатга юборди.

Аввалроқ Gazeta Ўзбекистон президентининг 18 августдаги қарори билан жиноятчилик юқори бўлган маҳаллаларда ҳуқуқбузарликнинг олдини олишга доир мақсадли чора-тадбирлар концепцияси тасдиқланганини хабар қилганди.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.