Ўзбекистон ва Украина ташқи ишлар вазирлари мамлакатлар ўртасидаги мулоқотни чуқурлаштиришга келишиб олди

Ўзбекистон ва Украина ташқи ишлар вазирлари мамлакатлар ўртасидаги мулоқотни чуқурлаштиришга келишиб олди

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов БМТ Бош Ассамблеяси доирасида Украина ташқи ишлар вазири Андрий Сибига билан учрашди. Бу ҳақда Ўзбекистон ТИВ раҳбари маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, суҳбат давомида савдо, инвестиция, таълим ва маданий ҳамкорлик каби икки томонлама муносабатлардаги долзарб масалалар, шунингдек, халқаро ташкилотлар доирасидаги кўп томонлама алоқаларнинг асосий йўналишлари муҳокама қилинди.

«Учрашувимиз Ўзбекистон ва Украина ўртасидаги мулоқотни янада чуқурлаштириш, шерикликни мустаҳкамлаш ҳамда халқларимиз манфаатлари йўлида янги имкониятларни очиш борасидаги қатъий интилишимизни тасдиқлади», — деб ёзди Саидов.

Андрей Сибига ўз навбатида томонлар сиёсий мулоқотни қайта тиклаш ва турли соҳаларда икки томонлама ҳамда кўп томонлама ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олганини таъкидлади.

Унинг сўзларига кўра, Украина Ўзбекистон билан муносабатларни ривожлантириш ва Марказий Осиё билан алоқаларни мустаҳкамлашга содиқ.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Gazeta’га маълум қилишича, томонлар сиёсий мулоқотни тўхтатмаган.

Таъкидлаш жоиз, мамлакатлар ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги сиёсий маслаҳатлашувлар сўнгги марта 2021 йил майида бўлиб ўтган.

Бунгача Ўзбекистон ва Украина ташқи ишлар вазирлари 2013 йил 11 октябрь куни, ушбу лавозимларни Абдулазиз Комилов ва Леонид Кожара эгаллаб турган пайтда учрашган эди.

Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, Ўзбекистон ва Украина ўртасидаги товар айланмаси 2022 йилда бошланган пасайишдан кейин, 2025 йилнинг биринчи ярмида тўхтади ва сезиларли ўсиш кузатилди.

2021 йилнинг январь-июнь ойларида икки мамлакат ўртасидаги ташқи савдо ҳажми 278,4 миллион долларни ташкил этган бўлиб, ўшанда бу кўрсаткич охирги тўрт йилдаги энг юқори натижа бўлган. 2022 йилнинг шу даврида, Россиянинг Украинага тўлиқ кўламли ҳужуми бошланганидан сўнг, савдо 176,4 миллион долларгача тушди. 2023 йилнинг шу даврида — 105,4 миллион, 2024 йилда эса — 101,5 миллион долларни ташкил этди.

Бироқ 2025 йилнинг биринчи ярмида икки мамлакат ўртасидаги товар айирбошлаш кескин 50 фоизга ошиб, 151,8 миллион долларга етди.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.