Ўзбекистон ва Палау ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилди

Ўзбекистон ва Палау ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилди

Ўзбекистон Палау билан дипломатик муносабатлар ўрнатган. Бу ҳақдаги қўшма коммюнике Нью-Йоркда БМТ Бош Ассамблеясининг 80-сессияси доирасида Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов ва Палау давлат вазири Густав Айтаро томонидан имзоланди.

«Ушбу муҳим қадам нафақат ўзаро эзгу ниятимизни ифода этади, балки ҳамкорлик ва шерикликнинг истиқболли келажагига йўл очади», — деб ёзди Бахтиёр Саидов ўзининг Telegram каналида.

«Ўзбекистон ва Палау ўртасида янги имкониятларни рўёбга чиқариш ҳамда мустаҳкам ва узоқ муддатли алоқаларни йўлга қўйиш учун барча имкониятларимизни ишга соламиз», — дея қўшимча қилди у.

Палау — Тинч океанидаги Филиппин денгизидаги АҚШ билан боғлиқ орол давлат. У Филиппиндан 800 км шарқда ва Индонезиядан шимолда жойлашган. Мамлакат аҳолиси 21 мингга яқин, пойтахти — Нгерулмуд.

Палау Ўзбекистон билан дипломатик алоқалар ўрнатган 165-давлат бўлди.

Эслатиб ўтамиз, Бахтиёр Саидовнинг АҚШга ташрифи чоғида Сент Люсия ва Кения билан дипломатик муносабатлар ўрнатиш тўғрисидаги ҳужжатлар имзоланган эди.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.