Президент: «Ўқитувчиликни энг муҳим ва обрўли касбга айлантириш бўйича ишларимиз изчил давом эттирилади».

Президент: «Ўқитувчиликни энг муҳим ва обрўли касбга айлантириш бўйича ишларимиз изчил давом эттирилади».

Ўзбекистонда ўқитувчилик ва мураббийлик касбининг мақоми ва нуфузини ошириш ҳал қилувчи масала сифатида қаралмоқда, деди президент Шавкат Мирзиёев Ўқитувчи ва мураббийлар куни (1 октябрда нишонланади) муносабати билан йўллаган табригида.

Давлат раҳбари навқирон авлодга таълим ва тарбия беришни «дунёдаги энг улуғ ва олийжаноб иш» деб атади.

«Мана шундай қувончли кунда сиз, меҳрибон устозларга эл-юртимизнинг юксак ҳурмат-эҳтиромини яна бир бор изҳор этиб, барчангизга Янги Ўзбекистон келажагини яратиш йўлидаги машаққатли ва шарафли меҳнатингиз учун чин қалбдан ташаккур билдираман», — деди у.

«Ўқитувчи ва мураббийлик касбини жамиятимиздаги энг муҳим ва обрўли касбга айлантириш бўйича бошлаган ишларимиз изчил давом эттирилади», — деди президент.

Ютуқлар ва режалар


Шавкат Мирзиёев БМТ Бош ассамблеясининг 80-сессиясида ҳам сўнгги йилларда таълим соҳасидаги ўзгаришларни санаб ўтганди.

Сўнгги саккиз йилда таълим ва илм-фанга давлат харажатлари олти баравар кўпайиб, 378 триллион сўмга етди. Юзлаб боғчалар, мактаблар, техникумлар, олий ўқув юртлари қурилди, таълим ва фан муассасаларини замонавий андозалар билан жиҳозлаш дастурлари амалга оширилмоқда.

Боғчалар сони 5200 тадан 38 мингтага кўпайди, уларнинг қамрови 27 фоиздан 78 фоизга ошди, тарбиячиларнинг иш ҳақи мактаб ўқитувчилари ойлик маоши даражасига кўтарилди, мазкур муассасалар директорлари ва ўқитувчиларининг маошлари қарийб икки баробарга ошди.

Келгуси йилдан президент мактаблари тажрибасидан келиб чиқиб, барча ҳудудларда «Янги авлод» боғчалари ташкил этилади ва уларда тарбиячилар илғор педагогик технологиялар бўйича малака ошира бошлайди.

500 га яқин янги мактаб қурилиши ва мавжудларини кенгайтириш натижасида қўшимча 1 миллион ўқувчи ўрни яратилди. 200 мингдан ортиқ ўғил-қиз хусусий мактабларда таҳсил олади.

Янги ўқув йилидан бошлаб 12 йиллик мактаб таълими, шунингдек, 9 ва 11-синф ўқувчилари учун ягона давлат имтиҳонлари жорий этилади.

Битирувчиларнинг техникум ва олий ўқув юртларига бевосита уларнинг натижаларига кўра қабул қилиш тартиби жорий этилади.

«Келажак — замонавий билим билан қуролланган касб-ҳунар эгалариникидир. Биз бу ҳақиқатни ҳеч қачон унутмаслигимиз лозим. Шу боис ёшларимизни давр билан ҳамнафас бўлиб, ҳар қандай рақобатга бардош бера оладиган етук мутахассислар этиб тарбиялашимиз керак. Шу мақсадда ташкил этилаётган Касбий таълим агентлигидан умидимиз катта», — деди президент.

Йил давомида 100 та техникум ривожланган мамлакатлар — Германия, Буюк Британия, Швейцария, Хитой, Корея Республикаси таълим муассасалари билан ҳамкорликни йўлга қўяди ва ўз ўқув дастурларини амалга оширади.

Дуал таълим қамрови беш баробарга оширилади. Техникумларда чет тилини ўқитиш соатлари тўрт баробарга кўпаяди.

Умумтаълим мактабларида 7-синфдан бошлаб ўқувчиларни касбга йўналтириш бўйича маслаҳатчи лавозими жорий этилмоқда.

Университетлар сони 77 тадан 202 тага, талабалар сони эса 250 мингдан 1,5 миллионга ошди.

Ўқитувчилар учун имтиёзлар


Соҳа ходимларининг меҳнат ва яшаш шароитини яхшилаш ислоҳотларнинг энг устувор йўналиши бўлиб қолади, деди президент. Унинг эслатишича, янги йилдан бошлаб камида 15 йиллик иш стажига эга юқори тоифали ўқитувчилар учун ипотека кредитлари бўйича дастлабки тўловнинг 25 фоизи қопланади.

Давлат олий ўқув юртларига ўқишга қабул қилинган ўқитувчиларнинг фарзандлари учун тўловдан 30% чегирма режалаштирилган. Шунингдек, ўқитувчиларга замонавий компьютер техникаси харид қилиш учун 10 миллион сўмгача имтиёзли кредит ажратилади.

Янги йилдан бошлаб соҳада ишлаётганлар учун давлат хизматлари тўловлари икки баробарга пасайтирилади. Дунёнинг энг яхши 300 та университетида ўқишга қабул қилинган бўлажак ўқитувчиларга 20 000 долларгача имтиёзли таълим кредити берилади.

«Юртимиз тарихидаги икки буюк Ренессансни яратган улуғ мутафаккир ва алломаларни ҳам ўз вақтида сиз каби ўқитувчи ва муаллимлар тарбиялаб вояга етказган. Бу эзгу анъаналарнинг давомчилари сифатида сиз, азизлар ҳам бугун жонажон Ватанимизда барпо этилаётган Учинчи Ренессанс бунёдкорларини камол топтиришга муносиб ҳисса қўшасизлар, деб ишонаман», — деди Шавкат Мирзиёев.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.