Владимир Норов Хитойнинг «Дўстлик» мукофоти билан тақдирланди

Владимир Норов Хитойнинг «Дўстлик» мукофоти билан тақдирланди

Ўзбекистоннинг собиқ ташқи ишлар вазири ва Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг собиқбош котиби Владимир Норов Хитойнинг «Дўстлик» мукофоти билан тақдирланди. Бу ҳақда Норов LinkedIn тармоқғида хабар қилди.

Мукофотини топшириш маросими 30 сентябрь куни Пекин шаҳридаги Халқ йиғинлари уйида бўлиб ўтди.

Олий давлат мукофоти дунёнинг 27 мамлакатидан 50 нафар таниқли экспертга топширилди. ХХР Давлат кенгаши аъзоси Шен Ицин совриндорларни табриклаб, барча хорижий мутахассислар ва уларнинг оила аъзоларига фидокорона меҳнати учун самимий миннатдорлик билдирди, уларнинг Хитойни модернизация қилиш жараёнига, Хитой ва бутун жаҳон ҳамжамияти ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлашга қўшаётган ҳиссасини қайд этди.

Норов бу мукофот билан тақдирланган тарихдаги биринчи Ўзбекистон вакили бўлди.

«Мен бу мукофотни маданиятлар ва халқлар ўртасидаги ҳамкорлик кучига ишонган барчанинг номидан қабул қилмоқдаман. „Дўстлик“ мукофоти бизга биргаликда ишлаш орқали нафақат фаровонлик, балки инсонлар ўртасида ишонч, ўзаро тушуниш ва мустаҳкам алоқаларни яратишимиз мумкинлигини эслатади», — деди Норов ўзининг миннатдорчилик нутқида.

«Ушбу ишга ҳисса қўшган Хитой ҳукумати, Шанхай халқаро тадқиқотлар университети, ҳамкасбларим ва кўплаб ҳамкорларимга самимий миннатдорлик билдираман. Дўстлик ва ҳамкорлик руҳи бизни янада яқин, адолатли ва фаровон дунё сари етаклайверсин», — дея қўшимча қилди у.

Мукофот Хитойнинг иқтисодий ва ижтимоий тараққиётига улкан ҳисса қўшган хорижий мутахассисларни рағбатлантириш учун таъсис этилган.

Ҳар йили ХХР ҳукуматининг Дўстлик мукофоти 50 нафар лауреатга топширилади ва ҳар беш йилда (Хитой ХХР ташкил топганидан бери юбилей санасини нишонлайдиган йилларда) мукофот учун 100 киши танланади. Мукофотни топшириш анъанага кўра 1 октябрь — Хитой Миллий куни муносабати билан ўтказилади.

Шу вақтгача мукофотни 80 дан ортиқ мамлакатдан бўлган 1800 дан ортиқ экспертлар қабул қилган.

Владимир Норов ҳақида


1955 йилда Бухоро вилоятида туғилган Норов 1972—1976 йилларда Бухоро педагогика институтида таҳсил олган, 1983−1985 йилларда Совет Иттифоқи Ички ишлар вазирлиги академияси тингловчиси бўлган. 1978 йилдан 1992 йилгача ички ишлар тизимида фаолият юритган.

Шундан сўнг Президент девонига ишга ўтиб, 1995 йилда ташқи ишлар вазири биринчи ўринбосари (бу лавозимда 2010−2013, 2021−2022 йилларда ҳам ишлаган) этиб тайинланган. Бундан ташқари, турли йилларда президентнинг давлат маслаҳатчиси, Ўзбекистоннинг Германия, Бельгия (ўриндошлик асосида Польша ва Швейцария)даги элчиси бўлиб фаолият юритган.

2006 йилдан 2010 йилгача Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигига раҳбарлик қилган.

2013−2017 йилларда Ўзбекистоннинг Бенилюкс (Бельгия, Нидерландия ва Люксембург иқтисодий иттифоқи) мамлакатларидаги элчиси, 2017 йилдан 2019 йилгача Президент ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори, Президент ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котибининг биринчи ўринбосари бўлиб ишлаган.

2019 йилдан 2021 йил охиригача Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти бош котиби, 2021 йилдан 2022 йилгача ташқи ишлар вазири ўринбосари, биринчи ўринбосари вазифаларида фаолият олиб борган.

2022 йил 27 апрелдан 30 декабргача яна ташқи ишлар вазири бўлган. Шавкат Мирзиёевнинг 2022 йил 30 декабрдаги фармони билан Марказий Осиё халқаро (МОХИ) институти директори этиб тайинланган. 2023 йил 16 июнда ушбу лавозимдан нафақага чиққан.

Владимир Норов 2003 йилда «Меҳнат шуҳрати» ордени билан мукофотланган.

У 2023 йилда нафақага чиққан.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.