Ўзбекистон президенти АҚШ делегацияси билан саноат ва муҳим минераллар лойиҳаларини илгари суриш масалаларини муҳокама қилди
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев АҚШ президентининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича махсус вакили Сержио Гор бошчилигидаги Америка делегациясини қабул қилди, деб
хабар қилди президент матбуот хизмати.
Учрашувда Америка томонидан АҚШ Давлат котиби ўринбосари Кристофер Ландау ва бошқа расмий шахслар ҳам иштирок этди.
23 сентябрь куни Нью Йоркда олий даражада эришилган келишувларни амалга ошириш доирасида Ўзбекистон-АҚШ стратегик шериклик муносабатларини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Томонлар қабул қилинган йўл харитаси асосида саноат, молия, муҳим минераллар, энергетика, рақамлаштириш, қишлоқ хўжалиги ва бошқа устувор йўналишлардаги лойиҳаларни илгари суриш долзарблигини таъкидлади.
Учрашув иштирокчилари, шунингдек, хавфсизлик, терроризм ва экстремизм, ноқонуний миграцияга қарши курашиш соҳаларида шерикликни мустаҳкамлаш масалаларини ҳам муҳокама қилди.
Глобал ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан фикр алмашилди.
Шунингдек, келгуси ҳафтада Вашингтонда бўлиб ўтадиган C5+1 саммити доирасидаги тадбирлар жадвали ҳам муҳокама қилинди.