Янги Марказий Осиёдаги демографик сиёсат: у бугунги кун талабларига жавоб бера оладими?

Янги Марказий Осиёдаги демографик сиёсат: у бугунги кун талабларига жавоб бера оладими?


Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ) ходимлари жорий йилнинг 13–14-ноябрь кунлари Остона шаҳрида «Янги Марказий Осиёдаги демографик сиёсат: у бугунги кун талабларига жавоб бера оладими?» мавзусида бўлиб ўтган Марказий Осиё мамлакатлари Think Tanks форумида иштирок этди.

Paperlab тадқиқот маркази ва CAPS Unlock минтақавий таҳлил маркази ҳамкорлигида Open Society Foundations кўмагида ўтказилган форумда Марказий Осиё мамлакатларидаги демографик ҳолат, демографик дивиденддан унумли фойдаланиш йўллари, шунингдек, ёшларга оид давлат сиёсатининг устувор йўналишлари ва сифатли таълим имкониятлари муҳокама қилинди. Форумда жами 60 нафар мутахассис иштирок этди ва уларнинг 12 нафарини Марказий Осиё мамлакатларидан келган экспертлар ташкил этди.

МҲТИ лойиҳа раҳбари Муҳаббат Аҳмедова форумда қилган чиқиши чоғида Ўзбекистондаги демографик ҳолат, юқори туғилиш даражасининг ижтимоий соҳа инфратузилмасига таъсири ва бу таъсирни камайтириш мақсадида кўрилаётган чора-тадбирлар ҳақида батафсил маълумот берди. Хусусан, мактабгача таълим билан қамраб олиш даражаси 2024-йилда 76 фоизга, аёлларни олий таълим билан қамраб олиш кўрсаткичи эса 52,4 фоизга етгани қайд этилди. Жамият ҳаётининг турли жабҳаларида аёлларнинг ўрнини мустаҳкамлашга қаратилган ислоҳотларга алоҳида урғу берилди.

Форум якунида 4 та мамлакат (Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон) мутахассислари томонидан қуйидаги тавсиялар ишлаб чиқилди:

  1. Мамлакатларнинг ҳукуматларини сифатли статистика ва узоқ муддатли прогнозлар билан таъминлайдиган Марказий Осиё демографик тадқиқотлар марказини ташкил этиш;
  2. Демографик ўлчовни уй-жой сиёсати, таълим тизими, соғлиқни сақлаш ва инфратузилма билан узвий боғлаган ҳолда миллий ва минтақавий ривожланиш стратегияларига сингдириш;
  3. Меҳнат ва таълим соҳасида умумий асосларни ишлаб чиқиш, малакани ўзаро тан олиш, мамлакатлараро ишга жойлашиш ва таълим олиш жараёнини соддалаштириш;
  4. Инсон капиталига сармоя киритишни, айниқса, касбий кўникмаларни ривожлантириш, аёлларнинг иқтисодий иштирокини кенгайтириш ва ёшлар бандлигини таъминлашни сиёсатнинг марказига қўйиш.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.