Экологик очиқлик ва жамоатчилик иштирокини кучайтириш: Ўзбекистон вакиллари Орхус конвенцияси саммитида

Экологик очиқлик ва жамоатчилик иштирокини кучайтириш: Ўзбекистон вакиллари Орхус конвенцияси саммитида

2025-йил 20-ноябрь куни Женева шаҳрида БМТнинг Европа иқтисодий комиссияси қошидаги Миллатлар саройида Орхус конвенцияси Томонлар кенгашининг саккизинчи сессияси ҳамда Ифлослантирувчи чиқиндилар ва уларнинг кўчирилиши реестрлари (PRTR) тўғрисидаги Протокол Томонлар кенгашининг бешинчи сессияси юқори даражадаги қўшма сегменти бошланди. Ушбу нуфузли тадбирда Ўзбекистон делегацияси ҳам фаол иштирокини Давлат Экологик экспертиза маркази таъкидлади.

Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ҳузуридаги Давлат экологик экспертизаси маркази бош директори Ғайрат Мухамедов халқаро форумда мамлакатимиз номидан қатнашиб, Ўзбекистоннинг экологик очиқлик, жамоатчилик иштирокини кенгайтириш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш борасидаги ислоҳотларини тақдим этди. Йиғилиш дунё мамлакатларининг министрлари, миллий агентлик ва идоралар раҳбарлари, халқаро ташкилотлар ҳамда фуқаролик жамияти вакилларини бир майдонга тўплади.

Саммитнинг асосий мавзуси — иқлим ўзгариши, биохилма-хилликнинг йўқолиши ва атроф-муҳитнинг ифлосланиши каби “уч карра сайёравий инқироз” шароитида Орхус конвенцияси ва PRTR протоколининг долзарб аҳамиятини оширишга қаратилди. Шунингдек, глобал геосиёсий беқарорлик фон ҳолатида жамоатчилик ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган Женева декларацияси лойиҳаси ҳам муҳокама марказида бўлди.

Ўзбекистоннинг мазкур форумда иштироки, мамлакатда экологик очиқликни ошириш, атроф-муҳитга таъсирни баҳолаш, экологик мониторингни мустаҳкамлаш ва аҳолининг экологик маълумотлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш борасида халқаро стандартларга мос ислоҳотлар амалга оширилаётганини яна бир бор тасдиқлайди.

Тадбирда таъкидланишича, экологик соҳада қабул қилинаётган қарорларни шаффофлаштириш, фуқароларнинг атроф-муҳит масалалари бўйича фикр билдириш ҳуқуқларини кенгайтириш ҳамда экологик маълумотларни очиқлаштириш Ўзбекистон учун устувор йўналиш бўлиб қолмоқда.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.