«London Chess Classic». Нодирбек Абдусатторов яна ғалаба қозонди ва таъқибчи билан орадаги фарқни оширди

«London Chess Classic». Нодирбек Абдусатторов яна ғалаба қозонди ва таъқибчи билан орадаги фарқни оширди

Англиядаги «London Chess Classic» турнирида кеча 5-тур ўйинлари ўтказилди. Унда иштирок этаётган ўзбекистонлик гроссмейстер Нодирбек Абдусатторов кетма-кет тўртинчи ғалабани қўлга киритди.

Ҳамюртимиз бу сафар грециялик Николас Теодоруга қарши оқ доналарда ўйнади. Ўйин анча драматик кечди ва Нодирбек устунликни бир неча марта қўлдан чиқарди. Абдусатторов дебютдан устунлик билан чиқди ва рақибга босимни ошириб борди. Аммо 18-20-юришларга келиб ватандошимиз позицион кичик хатоликка йўл қўйди. Оқибатда вазият тенглашиб қолди.

26-юришда эса Теодору қўпол хатога йўл қўйди. У ўз Фарзинини Нодирбекка топшириб, эвазига Рух ва Филни қўлга киритди. Натижада устунлик яна Абдусатторов томонига ўтди ва 35-юришга келиб ўзбек шахматчиси ғалабага жуда яқин келди. Аммо ватандошимиз аниқ юришни топа олмагани учун (олди очиқ a йўлакдаги пиёдани олдинга суриш керак эди) 37 ва 38-юришларда ноаниқ ҳаракат орқали вазият яна тенглашиб қолди.

Николас бу пайтга келиб цейтнот ҳолатига тушиб қолгани учун бўлса керак, 39-юришда яна қўпол хатога йўл қўйди. Бу сафар Нодирбек устунликни қўлга киритди ва 40-юришда ўз Фарзинини қурбон қилиб, пиёдасини Фарзинга чиқара олди. 48-юришда грециялик шахматчи мағлубиятни тан олди.

Ушбу ғалабадан сўнг Нодирбек 4,5 очко билан пешқадамликни мустаҳкамлади. Иккинчи ўриндаги Алиризо Фирузжа кеча дуранг ўйнади ва ўзбек спортчисидан 1,0 очко ортда қолмоқда.

Нодирбек Абдусатторов бугун 6-тур доирасида Сэм Шенклендга қарши қора доналарда ўйнайди. Ўйин Тошкент вақти билан 21:00 да старт олади.

Манба: stadion.uz

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.