«Бу жараёнда ҳаммамиз биргалашишимиз керак. Биз ўзимиз тарафдан ҳамма масалани ечишимиз керак, лекин фуқаролар ҳам ўз масаласини ечиши керак. Бу ерда бурч, инсоний бурч, фуқаролик бурчи, ҳар томонлама юрт олдидаги бурч бўлиши керак», — деди у.
Саида Мирзиёева яна бир бор бу масалада давлат идоралари масъулияти юқори эканини таъкидлади: «Бу бизнинг бурчимизни ҳам ўз ичига олади, халқ олдидаги улкан масъулиятимиз бор».
«Нима қилаётганингизни, қандай натижаларга эришганингизни кўрмоқчиман», — деди у Тошкент шаҳридаги Экологик вазиятни яхшилаш бўйича махсус комиссия вакилларига мурожаат қилиб. Унинг таркибига Экология қўмитаси раҳбари Азиз Абдуҳакимов, Тошкент шаҳри ва пойтахт туманлари ҳокимлари ҳамда бошқа мутасадди шахслар киритилган.

«Майли, бугун (сешанба — таҳр.) ҳаво сал-пал яхши бўлибди. Балки шамол келгандир. Мен бир кунда бу масалани ечганингларга ишонмайман. Аҳволни кўриб турибман. Шунча йилдан бери қарамаганмиз», — деди у.
Президент администрацияси раҳбари иқтисодий ўсиш, қурилиш ишларининг кенгайиши, аҳолининг пойтахтга кўчиши объектив омиллар эканини, бироқ улар мавжуд вазият учун баҳона бўла олмаслигини айтди.
«Ҳа, гапларингиз тўғри: иқтисод ўсмоқда, бизнес ўсмоқда. Қурилиш кўпаймоқда, бу ҳам тўғри. Фуқароларимизнинг кўпи Тошкентга кўчиб келяпти, бу ҳам тўғри. Лекин президентимиз вазиятдан жуда катта хавотирда. Ҳар куни нима бўлаётганини сўраяптилар», — деди у.
Саида Мирзиёева кўп нарса мутасаддиларга, хусусан, Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаевга боғлиқлигини қўшимча қилди: «Кўп нарса сизга боғлиқ. Айниқса, Тошкент вилоятига, Зойир Тоирович. Тошкент вилоятига яхшилаб қараб беришингиз керак».
Gazeta учрашувдан сўнг Саида Мирзиёева Қибрай туманидаги иссиқхонани иситиш учун кунига 150 кг кўмир ёқиладиган иссиқхонада бўлгани ҳақида ёзганди. «Бундай ишлаб чиқаришнинг иқтисодий фойдаси катта бўлиши мумкин, лекин аҳоли соғлиғига зарари ундан-да кўпроқ тегади», — деди у. Иссиқхонага бир кун ичида фильтр ўрнатиш топширилди.

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.