«Мурожаатларнинг аксарияти энергетика билан боғлиқ». Депутатлар энергетика вазирини эшитувга чақиради

«Мурожаатларнинг аксарияти энергетика билан боғлиқ». Депутатлар энергетика вазирини эшитувга чақиради

Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси 3 декабрдаги мажлисида Ўзбекистон энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов иштирокида эшитув ўтказиш ташаббуси билан чиқди.

Депутат Шокиржон Аҳмедов энергетика соҳасини ривожлантириш ва энергия самарадорлигини ошириш бўйича ҳукумат чора-тадбирларига қарамай, ҳудудларда истеъмолчиларни сифатли ва узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш билан боғлиқ муаммолар сақланиб қолаётганини таъкидлади.

«Қонунчилик палатасига келиб тушаётган мурожаатларнинг аксарият қисми энергетика масалалари билан боғлиқ бўлиб, уларда асосан электр энергияси ва газ таъминотдаги узилишлар, хизмат кўрсатиш сифатининг етарли даражада эмаслиги, аварвил ҳолатларнинг ўз вақтида бартараф этилмаётганлиги каби муаммолар кўтарилмоқда. Шу каби муаммолар таҳлили соҳада эътибор яхшироқ қаратилиши лозим бўлган масалалар мавжудлигини кўрсатмоқда», — дейди у.

Парламент аъзосининг сўзларига кўра, жойларда ўтказилган ўрганишлар натижалари аҳолини барқарор ва сифатли энергия билан таъминлаш энг долзарб масалалардан бири бўлиб қолаётганини кўрсатмоқда.

Энергетика вазирининг энергия таъминоти барқарорлигини таъминлаш, аҳолига хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш бўйича амалга оширилаётган ишлар тўғрисидаги ҳисоботини парламент эшитувига киритишни таклиф қилди.

«Мурожаатларнинг аксарияти энергетика билан боғлиқ». Депутатлар энергетика вазирини эшитувга чақиради
Президент Шавкат Мирзиёев 1 декабрь кунги йиғилишда аҳолини имтиёзли шартларда суюлтирилган газ билан таъминлашда камчиликлар сақланиб қолаётгани, ўғирлик ҳолатлари қайд этилаётганини маълум қилганди. «Ҳудудгазтаъминот» тизимига бу каби ҳолатларга барҳам бериш, ҳар бир туманда иш олиб бориш, аҳолини қийнаётган муаммоларни ҳал этиш вазифаси қўйилди.

Давлат раҳбари эскирган электр тармоқлари ва ортиқча юк остида ишлаётган трансформаторларни инвентаризация қилиш, уларнинг барқарор ишлашини таъминлаш бўйича топшириқ берди.

Президент матбуот хизмати хабарига кўра, 1800 километрлик электр тармоқларида таъмирлаш ишлари ёмон бажарилган. Бош прокуратурага мазкур ҳолатларни текшириш ва қонун устуворлигини таъминлаш, «Энергоинспекцияси»га эса назорат фаолиятини янгича ёндашувлар асосида қайта ташкил этиш ва фавқулодда тартибда ишлашга ўтиш топширилди.

Шавкат Мирзиёев аҳолини қиш мавсумида узлуксиз энергия билан таъминлаш зарурлигини таъкидлади.

Йиғилиш якунлари бўйича «Миллий электр тармоқлари»нинг собиқ раиси, яқинда Электр энергияси, нефт маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси бошлиғи этиб тайинланган Дадажон Исоқулов «Ўзбекистон 24» телеканалига интервьюсида президент топшириғи юзасидан маълумот берди.

Унга кўра, электр энергетикаси, шунингдек, инфратузилма ва газ таъминоти билан шуғулланувчи ташкилотларна 24 соатлик навбатчилик ўрнатиб, қўшимча гуруҳлар тузиш топширилди.

«Қиш мавсумида асосий мақсадимиз аҳолининг электр энергияси ва газ таъминоти корхоналари фаолиятидан қониқишини таъминлашдан иборат. Муҳтарам президентимиз томонидан берилган топшириқларнинг 100 фоиз бажарилишини таъминлаш чораларини кўрамиз», — деди у.

Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов 27 октябрь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида Ўзбекистон тўлиқ электр энергияси ишлаб чиқариш қувватига эга экани ва қишда ҳеч қандай чекловлар (фавқулодда вазиятлардан ташқари) кутилмаётгани ҳақида маълум қилганди Унинг таъкидлашича, асосий муаммолар 35 фоизи 40 йилдан ортиқ вақт давомида ишлаётган электр тармоғининг эскириши билан боғлиқ.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.