Ўзбекистон Президенти Туркиянинг энергетика ва табиий ресурслар вазири Алпарслан Байроқдор бошчилигидаги делегацияни қабул қилди

Ўзбекистон Президенти Туркиянинг энергетика ва табиий ресурслар вазири Алпарслан Байроқдор бошчилигидаги делегацияни қабул қилди

5 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Туркия Республикаси энергетика ва табиий ресурслар вазири Алпарслан Байрактар бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Учрашувда Туркиянинг етакчи компаниялари — «AKSA» раҳбари Жемил Казанчи ва «Cengiz Energy» президенти Ахмет Ченгиз ҳам иштирок этди.

Учрашув аввалида юқори мартабали меҳмон Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдўғаннинг самимий саломларини ва эзгу тилакларини давлатимиз раҳбарига етказди. Музокараларда ўзбек-турк муносабатларининг ҳар томонлама стратегик шериклик даражасини янада ривожлантириш, иқтисодий ва инвестицон алоқаларни кенгайтириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Бугунги кунда икки томонлама ҳамкорлик энг юқори суръатда ривожланаётгани алоҳида таъкидланди. Ўзаро савдо ҳажми ва инвестициялар ўсмоқда, қўшма корхоналар сони ортиб бормоқда, икки мамлакат ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновлар сони кўпаймоқда. Туркия компанияларининг Ўзбекистондаги самарали фаолиятига алоҳида эътибор қаратилди. Улар билан ҳамкорликда қиймати 1 миллиард доллар бўлган, умумий қуввати 1,8 гигаваттга тенг замонавий электр станциялари барпо этилди ва муваффақиятли ишга туширилди.

Учрашувда энергетика ва геология соҳаларида янги лойиҳаларни илгари суриш масалалари кўриб чиқилди. Жумладан, замонавий технологияларни локализация қилиш, энергетика ускуналарини ишлаб чиқариш, тақсимлаш тармоқларини бошқаришни такомиллаштириш, истиқболли конларни биргаликда ўрганиш ва соҳа учун малакали кадрлар тайёрлаш борасида ҳамкорликни кенгайтириш вазифалари белгилаб олинди.

Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги стратегик шериклик янги марраларга кўтарилаётгани, икки мамлакат иқтисодиётининг барқарор ривожига хизмат қилувчи янги ташаббуслар амалий мазмун билан бойиб бораётгани таъкидланди.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.