ОАВ: Япония 19−20 декабрь кунлари Марказий Осиё давлатлари билан саммит ўтказмоқчи

ОАВ: Япония 19−20 декабрь кунлари Марказий Осиё давлатлари билан саммит ўтказмоқчи

Япония ҳукумати 19−20 декабрь кунлари Токиода Марказий Осиёнинг бешта давлати билан «C5+1» форматидаги саммитни ўтказишга тайёрланмоқда, деб хабар берди Nippon.

Нашр маълумотларига кўра, Япония бош вазири Санаэ Такаитининг Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари билан икки томонлама учрашувларини ўтказиш имконияти ҳам кўриб чиқилмоқда.

Бу ҳақда ҳукмрон Либерал-демократик партия вице-президенти Таро Асо Япония ва минтақа давлатлари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш билан шуғулланувчи ЛДП парламент лигаси йиғилишида маълум қилди.

«Сўнгги олти ой ичида Россия, Хитой, АҚШ ва бошқа давлатлар Марказий Осиё давлатлари билан саммитлар ўтказди. Дипломатик нуқтаи назардан Япония ҳам бундай саммитни муваффақиятли ўтказиши жуда муҳим», — деди Асо.

Эслатиб ўтамиз, Япония собиқ бош вазири Фумио Кишида 2024 йилнинг 9−12 август кунлари Қозоғистон, Ўзбекистон ва Мўғулистонга режалаштирилган сафарини мамлакатда содир бўлиши мумкин бўлган кучли зилзила туфайли бекор қилганди. Ташриф арафасида Тошкент кўчаларида Ўзбекистон ва Япония байроқлари осиб чиқилганди.

Ўзбекистон президенти администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева 28 ноябрь куни Япониянинг янги элчиси Кенжи Хирата билан учрашувда Ўзбекистон президентининг Японияга бўлажак ташрифига тайёргарлик масалалари муҳокама қилинганини маълум қилганди.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.