Ўзбекистоннинг 33 та намунавий туман ва шаҳарида давлат идоралари раҳбарларининг ротацияси жорий этилади

Ўзбекистоннинг 33 та намунавий туман ва шаҳарида давлат идоралари раҳбарларининг ротацияси жорий этилади

1 январдан «Янги Ўзбекистон қиёфасидаги» 33 та намунавий туман ва шаҳар ҳокимликларида натижага асосланган бошқарув модели синовдан ўтказилади. Бу президент Шавкат Мирзиёевнинг 6 декабрдаги давлат хизматида бошқариш самарадорлигини ошириш тўғрисидаги фармонида назарда тутилган, дея хабар қилмоқда Адлия вазирлиги.

Бошқарув самарадорлиги агентлиги (Давлат хизматларини ривожлантириш агентлиги негизида жорий йилнинг ёзида ташкил этилган) давлат органларига юклатилган вазифалардан келиб чиқиб, улар фаолиятининг мақсадли кўрсаткичларини ишлаб чиқади. Бу кўрсаткичлар Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.

Агентлик зиммасига натижага асосланган бошқарув моделини ишлаб чиқиш ва уни амалга оширишда давлат органларига кўмаклашиш вазифаси юкланади. Мақсадли кўрсаткичларга эришиш samaradorlik.gov.uz платформаси орқали баҳоланади.

Шунингдек, агентлик белгиланган вазифаларга эришиш учун кадрлар салоҳиятини ривожлантириш ва ишга номзодларни танлашда замонавий ёндашувларни жорий этишда кўмаклашади.

Ҳудудларда кадрлар ротацияси (алмашинуви)


Фармон билан давлат органларининг бешта даражадаги вазифа ва функциялари таснифи тасдиқланди:
  • конституциявий ва миллий даража;
  • республика ижро этувчи ҳокимият органлари даражаси;
  • ҳудудий даража;
  • туман (шаҳар) даражаси;
  • маҳалла (қишлоқ, овул) фуқаролар йиғини даражаси.

Янги йилдан бошлаб 33 та туман ва шаҳардаги давлат органларида ҳам кадрлар ротацияси жорий этилади.

Янги тартибга кўра, республика ижро этувчи ҳокимият органларининг туман (шаҳар) бўлинма раҳбари ҳамда туман (шаҳар) ҳокими ва унинг ўринбосарлари ҳар 5 йилда, қоида тариқасида, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳри доирасида бошқа туман (шаҳар)га ўтказилади.

Раҳбар янги ҳудудга ўтишдан олдин ҳудуднинг иқтисодий ва ижтимоий ҳолати бўйича интенсив курсда ўқитилади. Ротация қилинган раҳбар фаолияти Бошқарув самарадорлиги агентлиги томонидан электрон платформа орқали онлайн тарзда мониторинг қилинади.

Ходимларнинг коррупцияга қарши барқарорлик диагностикаси


Фармонга мувофиқ, давлат органларида ходимларнинг коррупцияга қарши барқарорлик даражасини диагностикадан ўтказиш тизими босқичма-босқич жорий этилади.

2026 йил 1 январдан коррупцияга қарши ички назорат тузилмаларининг раҳбар ва масъул ходимлари ҳамда ушбу лавозимларга номзодлар, 2026 йил 1 июндан соҳалар назоратига масъул инспекцияларда коррупциявий хавф-хатар даражаси «юқори» ва «ўрта» бўлган функциялар юклатилган лавозимларда фаолият юритаётган ходимлар ҳамда ушбу лавозимларга номзодлар, 2027 йил 1 январдан бошқа давлат органларида коррупциявий хавф-хатар даражаси «юқори» ва «ўрта» бўлган функциялар юклатилган лавозимларда фаолият юритаётган ходимлар ва ушбу лавозимларга номзодлар диагностикадан ўтказилади.

Диагностика Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг буюртмасига мувофиқ Раҳбар кадрларни баҳолаш маркази томонидан ўтказилади.

Диагностика натижасига кўра ходимнинг коррупцияга барқарорлик даражаси «паст» деб баҳоланиши мазкур лавозимда меҳнат муносабатларни давом эттиришига монелик қилувчи ҳолат ҳисобланади. Бунда ходим коррупциявий хавф-хатар даражаси «паст» бўлган бошқа лавозимга мажбурий равишда ротация қилинади.

Бўш лавозимларни тўлдиришнинг янги тизими


Фармонга мувофиқ, келаси йилнинг 1 мартидан бошлаб давлат хизматига кадрларни танлашнинг электрон тизими жорий этилади.

Давлат фуқаролик хизматида мавжуд бўш иш ўринлари тўғрисидаги маълумотлар vacancy.gov.uz электрон платформасида эълон қилинади. Фуқароларга ўзларига маъқул келадиган мутахассислик, лавозим ва иш ҳақига оид талабларни белгилаган ҳолда электрон платформада «иш қидирувчи» мақомида рўйхатдан ўтиш имконияти яратилади.

Платформада рўйхатдан ўтган ва давлат фуқаролик хизматига кириш бўйича тест синовидан муваффақиятли ўтган фуқаролар ушбу платформада мавжуд бўш иш ўринларига даъвогарлик қилиши мумкин бўлади. Бунда фуқароларга тест синовларини шахсни тасдиқлаш ва синовларни назорат қилишнинг махсус онлайн тизими орқали ёки агентликнинг махсус жиҳозланган хоналарида топшириш имконияти яратилади. Тест натижалари 1 йилгача амал қилади.

Танловнинг қўшимча босқичи сифатида ўтказиладиган соҳавий билимларни баҳолаш бўйича тест синовлари давлат органларининг буюртмаларига мувофиқ Агентлик ҳузуридаги Раҳбар кадрларни баҳолаш маркази томонидан шартнома асосида ўтказилади.

Кадрлар захирасини юритишнинг янги тартиби


Фармонда кадрлар захирасини шакллантиришнинг янгиланган тизими ҳам жорий этилди.

Давлат органлари Миллий кадрлар захирасига номзодлар рўйхатини мустақил равишда тузади. Номзодларнинг шахсий ривожланиш режаларини амалга оширишдаги муваффақияти Кадрлар захираси платформаси орқали назорат қилинади.

Салоҳиятли кадрлар захирасига номзодлар туман (шаҳар) ҳокимининг хулосасига асосан маҳалла раислари, ҳоким ёрдамчилари, хотин-қизлар масалалари бўйича мутахассислар, ёшлар етакчилари, ижтимоий соҳа ходимлари, солиқ инспекторлари таркибидан тузилган ишчи гуруҳ томонидан танлаб олинади.

Бошқарув самарадорлиги агентлиги давлат хизматининг раҳбар ва сиёсий лавозимлари учун иқтидорлар захирасини яратади. Раҳбарлар томонидан тавсия этилмаган самарали ходимлар агентлик томонидан мустақил равишда аниқланади ва баҳоланади, шундан сўнг улар Миллий кадрлар захирасига киритилади.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.