Ўзбекистон Афғонистонга 390 тонна гуманитар ёрдам юборди
29 декабрь куни Балх вилоятининг Ҳайратон шаҳрида Ўзбекистон раҳбарияти номидан Афғонистон халқига навбатдаги гуманитар ёрдамни топшириш маросими бўлиб ўтди, деб
хабар бермоқда Ўзбекистон ТИВ.
Қайд этилишича, юкнинг умумий оғирлиги қарийб 390 тоннани ташкил этади. Йигирмата юк автомашинасида жўнатилган юк озиқ-овқат маҳсулотлари, дори-дармонлар ҳамда тиббий ускуналардан иборат.
«Гуманитар юк таркиби билан танишиш жараёнида Балх вилояти ҳокими Моҳаммад Юсуф Хожи Вафо Афғонистон халқига кўрсатилаётган доимий ёрдам учун Ўзбекистон президентига миннатдорлик билдирди», — дейилади хабарда.
«Ўзбекистоннинг кўрсатаётган кўмагини ҳеч қачон ёдимиздан чиқармаймиз, унутолмаймиз. Биз Шавкат Мирзиёевнинг афғон халқини яхши кўришини, тинч-тотув ва фаровон турмуш кечиришини жуда-жуда исташини яхши биламиз. Ўзбек халқининг кўрсатаётган хизмати ва мурувватини эсдан чиқаролмаймиз… Афғон тарафидан Ўзбекистонга ҳеч қандай таҳдид бўлмаслигига, бир дарёнинг икки қирғоғидаги халқларимиз учун ўзбек-афғон чегараси яхши қўшничилик, дўстлик ва биродарлик чегараси бўлиб қолишига ишонамиз», — дея Хожи Вафонинг сўзларини келтирмоқда ЎзА.
Мазкур акция 2025 йил давомида Афғонистон халқига йўналтирилган
тўртинчи гуманитар ёрдам ҳисобланади. Жумладан, Ўзбекистон:
- 6 сентябрь куни зилзиладан жабр кўрган Афғонистонга 265 тонна;
- Июнь ойи бошида Қурбон ҳайити муносабати билан 183 тонна;
- Март ойида Наврўз байрами ва Рамазон ҳайити муносабати билан қарийб 200 тонна инсонпарварлик ёрдами юборган.
Шунингдек, май ойида Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Афғонистон фермерлари ва аграр тузилмаларига беғараз ёрдам тариқасида 26 тоннадан зиёд қишлоқ хўжалиги уруғларини
етказиб берган. Улар орасида сертификатланган чигит, шоли, мош ва юқори сифатли полиз экинлари уруғлари бор эди.