Суҳбат аввалида Ўзбекистон раҳбари Россия президентининг Новгород вилоятидаги қароргоҳига ҳужум қилишга уринишни қатъий қоралади.
Бундай хатти-ҳаракатлар барқарорлик ва хавфсизликка, шу жумладан узоқ муддатли тинчликка эришишга қаратилган саъй-ҳаракатларга таҳдид солиши таъкидланди.
Олий даражадаги келишувларни амалга ошириш нуқтаи назаридан Ўзбекистон-Россия стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди.
Халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди, бўлажак тадбирлар режаси муҳокама қилинди.
Суҳбат якунида етакчилар кириб келаётган янги — 2026 йил муносабати билан бир-бирини самимий қутлаб, мустаҳкам соғлик, бахт-саодат ва фаровонлик, икки мамлакатнинг биродар халқларига эса тинчлик-осойишталик ва бардавом равнақ тиладилар.
Аввалроқ Украина дронлари 29 декабрга ўтар кечаси Россия президентининг Новгород вилоятидаги давлат қароргоҳига ҳужум қилди, деб маълумот тарқатди Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров.
«2025 йил 28 декабрдан 29 декабрга ўтар кечаси Киев режими Россия президентининг Новгород вилоятидаги давлат қароргоҳига 91 та узоқ масофали учувчисиз учиш аппаратидан фойдаланган ҳолда террорчилик ҳужуми уюштирди», — деди Лавров Москвадаги журналистларга. Унинг сўзларига кўра, жабрланганлар ва зарарлар ҳақида маълумот келиб тушмаган.
Россия Мудофаа вазирлигининг таъкидлашича, Россия ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари Украинанинг 91 та дронини уриб туширган, улардан 41 таси Новгород вилояти, 49 таси Брянск ва биттаси Смоленск узра қайд этилган.
Орадан кўп ўтмай, Владимир Зеленский бу баёнотни навбатдаги ёлғон деб атади.
«Россиянинг навбатдаги уйдирмаси. Кеча Трамп билан учрашувимиз бўлиб ўтгани ҳаммага маълум. Шу нарса аёнки, россияликлар наздида, агар Америка билан ўртамизда жанжал чиқмаса — бизда эса аксинча, ижобий силжиш бор — бу улар учун мағлубиятдир. Чунки улар бу урушни тугатишни истамайди, бунга фақат уларга босим ўтказиш орқалигина эришиш мумкин. Ишончим комилки, улар айнан шу вазиятдан баҳона излашган», — деди Зеленский душанба оқшомида журналистларга («Интерфакс Украина» иқтибоси).
АҚШ президенти Дональд Трамп Исроил делегацияси билан учрашув олдидан Оқ уйда журналистлар билан мулоқот чоғида бу мавзу юзасидан фикр билдирди. АҚШ президентининг сўзларига кўра, у бу ҳақда 29 декабрь куни Владимир Путин билан телефон орқали мулоқотда бўлганида хабар топган.
«Бу менга ёқмаяпти. Бу ёмон. Мен бу ҳақда бугун эрталаб билдим. Бу ҳақда менга президент Путин айтиб берди. Эрта тонгда ҳужум қилишганини айтишди. Бу ёмон. Унутманг, мен Tomahawk`нинг [Украинага] етказиб берилишини тўхтатдим, мен буни хоҳламадим», — деди Трамп.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.