Администрация функциялари ҳақидаги саволга жавоб берар экан, Саида Мирзиёева шундай деди: «Президент администрацияси стратегияларни ишлаб чиқади, ижро этувчи аппаратга йўналиш беради. Ижро аппарати эса операцион ишдир. Бу Вазирлар Маҳкамаси».
Маъмурият иши, фармонлар ва бошқа ҳужжатлар, оммавий ахборот воситалари кўрсатаётган учрашувлар ортида «улкан меҳнат, кўп сонли одамлар, ақл, стратегия, маслаҳатчилар» яширинган, деди Саида Мирзиёева.
«Ўша тизимда ишлаган пайтидаги унинг орзу-истакларини тасаввур қилишингиз мумкин. Президент бўлиб, бошқарув дастакларини қўлга киритгач, у мамлакатни бутунлай бошқа томонга — ислоҳотлар томон ўзгартирди. У ўша тизимнинг ижрочиси эди. Унга оғир эди, азоб чекарди. У ўша тизимни қораламайди. Тизим бор эди ва бўлди», — деди у.
У болалар меҳнатига чек қўйишни дастлабки асосий ислоҳотлардан бири деб атади. «У пахта қуллигига нуқта қўйди».
Саида Мирзиёева оиласи ҳам бу тажрибани бошдан кечирганини маълум қилди: «Биз пахтага борардик. Мен Жиззахда,
Самарқандда яшаганман. Вилоят раҳбарининг фарзандлари сифатида намуна бўлиб борардик, қолардик, у ерда тунардик. Биз буларнинг ҳаммасини ўз кўзимиз билан кўрдик".
«Дастлаб у: „Либерализация, тамом, валюта айирбошлашни очамиз“, деганида уни қўрқитишга уринишди. Уни қандай ваҳимага солганлари эсимда. Чунки одамлар ўша пайтда ҳам, бошида ҳам, аслида бир хил эди. Кейинчалик у ҳамма нарсани ўзгартира бошлади, чунки йўналишни ўзгартираётганда онгни ҳам ўзгартириш кераклигини тушунди», — деди у.
«Аммо у ўз позициясида қатъий турди. Унинг, менимча, хаёлида буюк Ўзбекистон ҳақида ўз тасаввури бор ва у шу тасаввурга интилади. Бу тасаввур, назаримда, ғоят ажойиб. Унинг онгида мана шу мақсад бор — Ўзбекистон гуллаб-яшнаши, ҳар бир фуқаро бахтли бўлиши керак. У учун ҳар бир инсон ҳаёти, ҳар бир шахс қадрли».
Саида Мирзиёева COVID 19 пандемияси даврини эслаб, президентнинг шахсан иштирокини алоҳида таъкидлади.
«Коронавирус пайтида, эй Худойим, у ҳар бир ҳаёт учун курашганини эслайман. У ҳеч нарсани аямасди. У Хитой ва Кореядан шифокорларни таклиф қилар, ўзи телефон қўнғироқларида иштирок этар ва ҳамма нарсани шахсан назорат қиларди», — деди у.
«Эҳтимол, мени тайинлашдан мақсад ҳам ислоҳотларни жадаллаштириш, мен орқали ҳақиқий вазиятни кўриш имкониятига эга бўлиш эди. Масалан, мен ҳудудларга борганимда, у доим алоқада бўлади: „Хўш, қандай, у билан гаплашдингми? Нима деди? Буни кўрдингми? Топшириқ бердингми? Муддатларни белгилаб, назорат қил“. Унга шунчаки ҳақиқатни етказадиган ва буларнинг барчасини назорат қилиб турадиган кўзлар ва қўллар керак», — деди у.
Саида Мирзиёева президент қандай қилиб «қаттиққўллик» тизимида «қотиб қолмагани» ҳақидаги саволга жавоб берар экан, буни ноёб хусусият деб атади.
«Ҳатто тўққиз йиллик президентлик даврида ҳам у ўзгармади. Инсон сифатида заррача ҳам ўзгармади. Мана шу ҳайратланарли. Мен ундан айнан шуни ўрганяпман», — деди у.
Президент администрацияси раҳбари қўшимча қилишича, ҳокимият ва пул одатда инсонни ўзгартиради, аммо давлат раҳбари билан бундай бўлмаган.
У президентнинг доимо имконият, эркинлик ва «биринчи хатога йўл қўйиш ҳуқуқи»ни беришини айтди. Бироқ унга президент бундай ҳуқуқ бермаганини таъкидлади.
«У бу борада жуда қаттиққўл. Ҳар бир майда-чуйда, ҳар бир ҳаракат, ҳар бир қадамни назорат қилади. Мен ҳар бир қадамимни албатта у билан муҳокама қиламан. Бу шунчаки ўзбошимчалик билан бирор нарсани ҳал қилиш эмас. Албатта, биз буни у билан муҳокама қиламиз. Мен „рухсат“ оламан, шундан кейин шу йўналишда иш олиб борамиз», — деди у.
«Тўққиз йил ўтди. Агар мумкин бўлганида аллақачон бузилган бўларди,» — дея қўшимча қилди Саида Мирзиёева. «Бу инсоннинг ўзига, унинг ҳаётий асосларига боғлиқ. Унинг ҳаётга бўлган қарашига. Биз бу ерда вақтинчаликмиз Ҳаммамиз меҳмонмиз. Мен эътиқодли шахсман. Барибир бу дунёни тарк этаман. Бу ерда кимгадир ниманидир исботлашим шартми? Мен дадамга из қолдиришида имкон қадар ёрдам бера оламан. Одамларни бахтлироқ қилишда, уларнинг ҳаётини яхшилашда дадамга кўмаклашишим мумкин».
«Унинг асосий мақсади ва энг катта орзуси — ҳар бир ўзбекистонликнинг ҳаётини яхшилашдир. Мана шу ғоя билан яшаймиз. Бизнинг администрация фақат шуни кўзлаяпти. Ҳар бир инсон биз учун қадрли. Ҳар бир шахс. Шунинг учун биз тўхтовсиз ишлаймиз. Бу — ўзгаришлар ва ислоҳотлар даври. Ва биз, умуман олганда, бу даврда ишлашдан манфаатдормиз», — деди Саида Мирзиёева.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.