«Ўрни жуда катта бўлди». Садир Жапаров — Шавкат Мирзиёевнинг Қирғизистон ва Тожикистоннинг ярашишидаги роли ҳақида

«Ўрни жуда катта бўлди». Садир Жапаров — Шавкат Мирзиёевнинг Қирғизистон ва Тожикистоннинг ярашишидаги роли ҳақида

Қирғизистон президенти Садир Жапаров ҳақида ҳужжатли фильм ишланди, унда Ўзбекистон президенти ҳам тилга олинди.

Иккинчи қисмда қўшни давлат раҳбари журналист Айбек Бийбосунга берган интервьюсида 2021 йил апрель ойида Тожикистон билан чегарадаги можародан сўнг сафдошлари, жумладан, Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Ташиевнинг эътирозларига қарамай, Душанбеда Эмомали Раҳмон билан музокаралар ўтказганини, бироқ ўн соат давом этган муҳокама натижа бермаганини айтди.

Мулоқотдан сўнг Қирғизистон Туркияда ишлаб чиқарилган Bayraktar Akıncı ва Aksungur дронларини сотиб олиш орқали ўз армиясини кучайтира бошлаган.

2022 йил сентябрь ойида навбатдаги можаро пайтида икки давлат армиялари кучлари тенглашгани маълум бўлган.

Садир Жапаров Тожикистон билан келишувга эришишда Шавкат Мирзиёевнинг ҳиссаси катта эканини таъкидлади.

«Саммитларда учрашганимизда Раҳмонга „Ўтириб гаплашайлик“ дердим. Аввалига у рад этди. Иккинчи мартасида рози бўлди. Шу ўринда таъкидлаш керакки, бу масалада Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг ўрни жуда катта бўлди. У бизни фурсатни бой бермай, ўзаро келишувга эришиш кераклигига ишонтирди. Шундай қилиб, биз ўтирдик ва [чегара баҳсини] ҳал қилдик», — деди у.

Қирғизистон ташқи ишлар вазири Жээнбек Кулубаев Шавкат Мирзиёевни Марказий Осиё давлатларини бир-бирига яқинлаштирувчи етакчилардан бири деб атади.

«У доим айтарди: қирғизлар ва тожиклар келишиб олиши, чегара можароларини тўхтатиши керак. Агар сизларда низолар давом этаверса, бизга бирорта инвестор келмайди, бирорта турист келмайди. Ҳаммамизда «-истон» қўшимчаси бор ва улар Қирғизистонми, Тожикистонми, Ўзбекистонми ёки Қозоғистонми — фарқламайди. «Истон»ни эшитган заҳоти бизга ҳеч ким келмайди. Шунинг учун сиз яқинлашишингиз керак. У буни доим такрорларди», — деди вазир.

Қирғизистон-Тожикистон чегарасида қуролли можаролар 2022 йил январида, шунингдек, ўша йилнинг кузида авж олган.

Ўзбекистон президенти 2025 йил март ойида Хўжанд шаҳрида Давлат чегараларининг туташ нуқтаси тўғрисидаги шартнома имзоланган уч томонлама учрашувда иштирок этганди.

Қирғизистон ва Тожикистон раҳбарлари қўшма қарор билан 2021 йилдан бери ёпиқ бўлган назорат-ўтказиш пунктлари фаолиятини йўлга қўйган. 2025 йил ноябрь ойида Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон чегараларнинг туташ нуқтаси тўғрисидаги шартномани ратификация қилишни якунлаган.

Шавкат Мирзиёев бу масаланинг ечимини тарихий деб атаб, «бир вақтлар бизни ажратиб турган чегаралар дўстлик ва ҳамкорлик кўприкларига айланганини» билдирган.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.