Лойиҳа илк бор 2024-йил октябрь ойида тақдим этилган бўлиб, унга мувофиқ шаҳар бўйлаб нақд пул ўрнига рақамли тўлов воситаларидан фойдаланиш босқичма-босқич жорий этилади. Режага кўра, 2026 йилга келиб Дубайдаги барча тўловларнинг тахминан 90 фоизи нақд пулсиз амалга оширилиши кутилмоқда. Бу эса иқтисодий ўсишга йиллик 8 миллиард дирҳамдан ортиқ қўшимча ҳисса қўшиши мумкин.
Нақд пулсиз тизимга ўтиш пулдан бутунлай воз кечишни англатмайди. Тўловлар банк иловалари, кредит карталари ва бошқа рақамли платформалар орқали амалга оширилади. Айни пайтда банк иловалари ва карталар шаҳарда нақд пулсиз ҳисоб-китобларнинг асосий воситаси ҳисобланади.
Стратегия доирасида рақамли тўловлар соҳасида инновацияларга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, сунъий интеллект асосидаги ечимлар ва контактсиз технологиялар жорий этилиб, аҳоли ва сайёҳлар учун тўлов имкониятлари кенгайтирилади. Дубай Молия бошқармаси рақамли тўловларни оммалаштириш мақсадида кенг қамровли ахборот ва тарғибот кампаниясини ҳам бошлаган.
Илгарироқ Дубай Молия департаменти ҳамда Шахсни тасдиқлаш ва хорижликлар ишлари бош бошқармаси ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланган эди. Ушбу келишув доирасида рақамли тўловларни ривожлантириш, хавфсиз ва самарали ҳисоб-китобларни таъминлаш ҳамда тўлов каналларини кенгайтириш кўзда тутилган.
Шунингдек, Дубай Молия бошқармаси ва Network International ўртасидаги ҳамкорлик аҳоли учун янги финтех ечимларини жорий этишга қаратилган. 2025 йил бошида эса DIFC ва Дубай Молия идораси бизнес субъектларини рақамли тўловларга ўтказишни қўллаб-қувватлаш мақсадида махсус ўқув семинарларини ташкил этиш бўйича келишувга эришган.
Режага мувофиқ, келгусида Дубайдаги барча савдо нуқталари рақамли тўловларни қабул қилиши керак бўлади. Бу эса шаҳарда яшовчи ва меҳмон бўлиб келувчи фуқаролар учун тўловларни янада қулай ва тезкор қилади.
Маълумот учун, “Cashless Dubai” стратегияси 2024 йил 1 октябрда Дубай Ижро кенгаши йиғилишида илк бор тақдим этилган. Йиғилишга Дубай шаҳзодаси ва валиаҳди шайх Ҳамдан бин Муҳаммад бин Рашид Ал Мактум раислик қилган. Стратегия Дубайни дунёдаги энг илғор бешта нақд пулсиз шаҳарлар қаторига киритишни мақсад қилган.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.