Президент Чирчиқдаги мудофаа саноат технопаркининг фаолияти билан танишди

Президент Чирчиқдаги мудофаа саноат технопаркининг фаолияти билан танишди

Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев Чирчиқ шаҳрида жойлашган технопаркка ташриф буюриб, мудофаа саноати корхоналарида олиб борилаётган ишлаб чиқариш жараёнлари билан танишди.

Технопарк ҳудудида зирҳли ва махсус техникалар, шунингдек, илғор функционал имкониятлар ва юқори техник кўрсаткичларга эга масофадан бошқариладиган жанговар модулларни ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. Ушбу модуллар ҳаракатланувчи ва турғун нишонларга, жумладан, кўриниш чекланган шароитларда самарали ўт очиш имконини беради.

Президент Чирчиқдаги мудофаа саноат технопаркининг фаолияти билан танишди
Маълум қилинишича, жанговар модуллар автоматлаштирилган бошқарув ва барқарорлаштириш тизимлари, оптик ва акустик кузатув воситалари, шунингдек, замонавий нишонга олиш ускуналари билан жиҳозланган. Бу ечимлар турли шароитларда юқори аниқлик ва ишончлиликни таъминлашга қаратилган.

Давлат раҳбарига ишлаб чиқаришнинг асосий босқичлари — бутловчи қисмларни йиғиш, оптик-электрон ва барқарорлаштириш тизимларини ўрнатиш, дастурий созлаш, герметикликни назорат қилиш, қурол-аслаҳаларни интеграциялаш ҳамда комплекс синовлар ўтказиш жараёнлари ҳақида ахборот берилди. Якуний босқичда тайёр маҳсулотлар енгил зирҳли техника намуналарига ўрнатилиб, дала шароитида синовдан ўтказилади.

Қайд этилишича, мазкур жанговар модуллар енгил зирҳли техника, махсус автомобиллар, катерлар ва зирҳли транспортёрлар каби турли платформаларни жиҳозлаш учун мўлжалланган. Лойиҳа тегишли давлат идоралари ва саноат корхоналари иштирокида, бир қатор хорижий ҳамкорлар билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда.

Президент Чирчиқдаги мудофаа саноат технопаркининг фаолияти билан танишди
Технопаркда йўлга қўйилган ишлаб чиқариш мамлакат мудофаа саноатида юқори технологияли маҳсулотлар ҳажмини ошириш, янги иш ўринлари яратиш ҳамда миллий саноат ва технологик базани мустаҳкамлашга хизмат қилаётгани таъкидланди.

Ташриф давомида маҳсулот сифати ва ишончлилигига қўйиладиган талабларга қатъий риоя этиш, маҳаллийлаштириш даражасини изчил ошириш, муҳандислик салоҳиятини ривожлантириш ва саноат кооперациясини чуқурлаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Шу юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқлар берилди.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.