Фуқароларга хавфсизлик камарини тақмаслик мумкин бўлган 20та касалликлар рўйхати тасдиқланди

Фуқароларга хавфсизлик камарини тақмаслик мумкин бўлган 20та касалликлар рўйхати тасдиқланди

Ўзбекистонда саломатлик ҳолати туфайли автомобиль хавфсизлик камарини тақиш имкони бўлмаган фуқароларга оид янги тартиб жорий этилди. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг буйруғи билан хавфсизлик камари тақишга тўсқинлик қиладиган касалликлар рўйхати тасдиқланди.

Мазкур қарор Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 12 апрелдаги «Йўл ҳаракати қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ қабул қилинган бўлиб, Ички ишлар вазирлиги билан келишилган. Буйруқ расмий эълон қилинган кундан бошлаб кучга кирди.

Тасдиқланган рўйхатга умров, елка камари, қовурғалар ва тўш суяги синишлари, умуртқа поғонасининг компрессион синиши, ўпканинг сурункали обструктив касалликлари ва оғир бронхиал астма, юрак-қон томир тизимининг оғир касалликлари, III даражали семизлик, паст бўйлик (150 сантиметрдан паст), шунингдек кўкрак қафаси ва қорин бўшлиғида ўтказилган айрим операциялар каби ҳолатлар киритилган. Айрим касалликлар бўйича тиббий маълумотнома маълум муддатга, айрим ҳолларда эса доимий асосда берилади.

Белгиланган тартибга кўра, хавфсизлик камари тақиш имконини бермайдиган касалликлар мавжудлигини тасдиқловчи QR-кодли электрон тиббий маълумотнома «Электрон соғлиқни сақлаш» ахборот тизими орқали расмийлаштирилади. У бемор бириктирилган бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаси ёки давлат тиббиёт муассасаси томонидан бепул тақдим этилади. Зарур ҳолларда, нодавлат тиббиёт ташкилотининг хулосаси асосида ҳам берилиши мумкин.

Маълумотноманинг амал қилиш муддати, одатда, бир йилни ташкил этади. Бироқ айрим ташхислар бўйича у 2 ой, 4 ой ёки 6 ойгача белгиланиши, айрим ҳолатларда эса доимий амал қилиши мумкин.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.