Бухорода ноқонуний ов ва йўлбарссимон бўғма илон билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар аниқланди

Бухорода ноқонуний ов ва йўлбарссимон бўғма илон билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар аниқланди

Бухоро вилоятида атроф-муҳитни муҳофаза қилишга қаратилган навбатдаги рейд тадбирлари давомида ноқонуний ов қилиш ҳамда ёввойи ҳайвондан қонунга зид равишда фойдаланиш ҳолатлари фош этилди. Рейдлар Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ҳузуридаги Давлат экологик назорат инспекцияси (экополиция), вилоят Экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармаси ҳамда тегишли ташкилотлар ҳамкорлигида ўтказилди.

Текширувлар чоғида Бухоро вилояти Пешку туманидаги чўл ҳудудида икки нафар фуқаро томонидан ҳеч қандай рухсатномасиз 8 дона кулранг ғоз ноқонуний овлангани аниқланди. Ҳолат бўйича ҳайвонот дунёсига етказилган зарар 3 миллион 296 минг сўм деб баҳоланди. Шунингдек, ҳуқуқбузарларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баробари миқдорида жарима тайинланди. Ноқонуний овланган қушлар олиб қўйилиб, тузилган ҳужжатлар суд органларига юборилди.

Яна бир ҳолат Бухоро шаҳри Марказий бозори автотураргоҳида қайд этилди. Фуқаро Ф.М. йўлбарссимон бўғма илондан фойдаланган ҳолда сirk томошаси уюштиргани маълум бўлди. Рейд давомида мазкур ёввойи ҳайвонга тегишли ҳеч қандай рухсат берувчи ҳужжатлар мавжуд эмаслиги, шунингдек, уни сақлаш қоидалари бузилгани аниқланди. Натижада илон қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда олиб қўйилиб, ветеринария кўригидан ўтказилди ҳамда вақтинчалик сақлаш учун Сомоний боғида ташкил этилган ҳайвонот боғига жойлаштирилди.

Эслатиб ўтиш жоиз, Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 5 ноябрдаги 736-сонли қарорига мувофиқ, 2025 йил 1 январдан жисмоний шахсларга ёввойи ҳайвонларни ярим эркин ёки сунъий яратилган шароитларда, шунингдек тутқунликда сақлаш тақиқланган. Шу билан бирга, бундай ҳайвонлардан давлат ва кўчма сирк томошаларида фойдаланишга ҳам йўл қўйилмайди.

Аниқланган ҳолат юзасидан ҳуқуқбузарга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 92¹-моддаси 1-қисми билан маъмурий баённома расмийлаштирилди. Тўпланган ҳужжатлар тегишли ҳуқуқий баҳо бериш ва чора кўриш учун суд органларига юборилди.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.