Шавкат Мирзиёев Ғазо бўйича Тинчлик кенгашига қўшилишга рози бўлди

Шавкат Мирзиёев Ғазо бўйича Тинчлик кенгашига қўшилишга рози бўлди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев номига Америка Қўшма Штатлари Президенти Доналд Трампдан Яқин Шарқда тинчликни мустаҳкамлаш ва мавжуд можароларни ҳал этишга қаратилган халқаро ташаббусга қўшилиш бўйича расмий таклиф келиб тушди.

Президент матбуот котиби маълум қилинишича, мазкур ташаббус 2025 йил 29 сентябрда эълон қилинган бўлиб, жаҳоннинг қатор етакчи давлатлари томонидан қўллаб-қувватланган. У, шунингдек, БМТ Хавфсизлик Кенгашининг 2025 йил 17 ноябрда қабул қилинган 2803-сонли резолюцияси билан маъқулланган Ғазодаги можарони бартараф этишга қаратилган комплекс режага асосланади.

Ташаббус доирасида узоқ муддатли тинчлик, барқарорлик ва хавфсизликни таъминлаш учун масъулиятни ўз зиммасига олишга тайёр бўлган давлатларни бирлаштирувчи янги халқаро тузилма — Тинчлик кенгашини ташкил этиш назарда тутилган. Ўзбекистонга ушбу кенгашга таъсисчи давлат сифатида қўшилиш таклиф этилган.

Давлат раҳбари америкалик ҳамкасбига йўллаган жавоб мактубида Ўзбекистон Тинчлик кенгашига таъсисчи давлат сифатида қўшилишга тайёр эканини маълум қилди. Шу билан бирга, мазкур ташаббус Яқин Шарқдаги кўп йиллик низоларни ҳал этиш, минтақада тинчлик ва барқарорликни таъминлаш йўлидаги муҳим қадам сифатида баҳоланиши таъкидланди.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.