Элдор Шомуродов Туркия Суперлигасининг дебют мавсумида юқори натижа кўрсатди

Элдор Шомуродов Туркия Суперлигасининг дебют мавсумида юқори натижа кўрсатди

Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳужумчиси ва капитани Элдор Шомуродов Туркия Суперлигасидаги илк мавсумини муваффақиятли ўтказмоқда. «Истанбул Башакшехир» жамоаси сафида у 13 та гол уриб, 3 та голли узатмани амалга оширди ва чемпионатнинг энг сермаҳсул тўпурарига айланди. Бу ҳақда Туркиянинг Anadolu ахборот агентлиги «Дунё» агентлигига таяниб хабар берди.

18 тур якунларига кўра, «Истанбул Башакшехир» 26 очко жамғариб, мусобақа жадвалида 6-ўринни эгаллаб турибди.

Anadolu агентлигига берган интервьюсида Элдор Шомуродов сўнгги йилларда ўзбек футболининг сезиларли даражада ривожланганини таъкидлаб, спорт соҳасини қўллаб-қувватлашда давлатнинг ўрни катта эканини қайд этди. Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистонда ёшлар учун ўз салоҳиятини рўёбга чиқаришга кенг имкониятлар яратилгани халқаро майдонда юқори натижаларга эришишга хизмат қилмоқда.

Терма жамоа капитани 2026 йилда АҚШ, Канада ва Мексикада бўлиб ўтадиган футбол бўйича жаҳон чемпионати ҳақида ҳам фикр билдирди. У Ўзбекистон миллий терма жамоаси тарихда илк бор мундиалга йўлланма қўлга киритганини эслатиб, бу воқеани бутун халқ учун узоқ кутилган қувонч сифатида баҳолади.

Шомуродовнинг таъкидлашича, жамоа турнирда шунчаки иштирок этишни эмас, балки гуруҳдан чиқиш учун дунёнинг энг кучли терма жамоалари билан рақобат олиб боришни мақсад қилган.

Футболчи, шунингдек, жаҳон чемпионатига олиб борган йўлда ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлган БАА терма жамоасига қарши учрашувни ҳам эслаб ўтди. Унинг айтишича, мазкур ўйин фаолиятидаги энг муҳим ва ёдда қоларли баҳслардан бири сифатида хотирасида муҳрланиб қолади.

Интервью якунида Элдор Шомуродов ўзбек миллий таомлари, маданияти ва анъаналари ҳақида сўз юритиб, миллий ошхона бойлиги, Самарқанд, Бухоро ва Хива каби тарихий шаҳарларнинг маданий мероси, шунингдек, Тошкент шаҳридаги ўзгаришлар ва жадал ривожланишни алоҳида таъкидлади.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.