Маълумотларга кўра, Шаҳризода Мадаминова 2025 йил октябрь ойида Филиппиннинг Манила шаҳрида бўлиб ўтган «Мисс Земля» халқаро танловида Ўзбекистон номидан иштирок этган. Танлов доирасида у подиумга давлат байроғи ва герби элементлари акс эттирилган либосда чиққан. Кейинчалик ушбу чиқишга оид фотосуратлар ижтимоий тармоқларда, хусусан Instagram платформасида эълон қилиниб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар эътиборини тортган.
Суд жараёнида Мадаминова миллий либос дизайнини яратишда давлат рамзларидан илҳомланганини тасдиқлаган. Шу билан бирга, у кийимда давлат байроғининг асосий элементлари яни оқ ярим ой ва ўн икки юлдуз акс эттирилмаганини, фақат ранглар уйғунлиги ва герб шаклидан услубий фойдаланилганини таъкидлаган.
Бироқ айблов томони давлат рамзларини кийим ёки саҳнавий образ сифатида қўллаш қонун талабларига зид эканини қайд этган. Айбловга кўра, бадиий ғоя ёки услубий ёндашув давлат рамзларидан нотўғри фойдаланиш учун жавобгарликдан озод этмайди.
Суд айблов далилларини асосли деб топиб, Шаҳризода Мадаминовани Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 185-1-моддаси биринчи қисми (давлат рамзлари тўғрисидаги қонунчиликни бузиш) билан айбли деб эътироф этди. Унга икки базавий ҳисоблаш миқдорида, яъни 824 минг сўм жарима тайинланди.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.