Савдода Zomin Ropeway компаниясининг устав капиталидаги 100 фоиз улуши таклиф қилинган ва аукцион ғолиби сифатида Ref Ropeway Invest фирмаси танланган. Яъни, Заамин канат йўлининг янги инвестори кенг кўламли инфратузилмани ўз назоратига олади.
Инфратузилма таркибига Bartholet Maschinenbau AG (Швейцария) ишлаб чиқарган замонавий канат тизими киради. Унинг узунлиги 2 102 метр, 36 та кабина мавжуд. Шунингдек, 351 ўринли кўп қаватли автостоянка, ресторан, кафе ҳамда болалар учун ўйин зоналари ҳам сотувга киритилган объект доирасида қолади.
Битим эса янги соҳибга қатъий мажбуриятларни юклайди. Янги инвестор қурилма техник жиҳатдан узлуксиз ишлаши, таъмирлаш регламентларига қатъий риоя этилиши ва фақат малакали ходимларни жалб этиши лозимлигини таъминлаши шарт. Бу орқали туристлар хавфсизлигига алоҳида эътибор қаратилади.
Қизиқ томони, Ref Ropeway Invest компанияси фақат бир ой аввал — 2025 йил декабрь ойи охирида Тошкентда рўйхатдан ўтган. Унинг устав фонди 65 миллиард сўм, ягона асосий иштирокчиси сифатида Феруза Бобоева кўрсатилган.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.