Президент Тошкент шаҳар Қўриқлаш хизматининг фаолияти билан танишди

Президент Тошкент шаҳар Қўриқлаш хизматининг фаолияти билан танишди


Президент Шавкат Мирзиёев 27 январь куни Тошкент шаҳри ички ишлар бош бошқармаси ҳузуридаги Қўриқлаш хизмати фаолияти билан танишди.

Мамлакатимизда аҳолининг тинч ва осойишта ҳаётини таъминлаш, фуқароларнинг мол-мулки дахлсизлигини муҳофаза қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу йўналишда илғор хорижий тажриба асосида замонавий ёндашувлар жорий этилиб, ички ишлар органлари тизимида қатор ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Қўриқлаш департаменти фаолияти ҳам ана шу устувор вазифаларга қаратилган.

Давлат раҳбарининг 2025 йилдаги фармон ва қарори ижроси доирасида Қўриқлаш департаменти Миллий гвардия тизимидан ички ишлар органлари тизимига ўтказилди. Белгиланган вазифаларни амалга ошириш мақсадида аниқ режалар ишлаб чиқилиб, ташкилий ва амалий чора-тадбирлар кўрилди.

Хусусан, техник қўриқлашни ташкил этиш ва аҳолига хизмат кўрсатишнинг янги тизимлари жорий этилди. Кўп қаватли уйлар йўлакларига “ташвиш” тугмаларининг ўрнатилиши натижасида қўриқлаш нарядлари қамровидаги хонадонлар сони сезиларли даражада ошди. Шунингдек, ҳимоя ордери берилган аёлларнинг хавфсизлигини таъминлаш амалиёти йўлга қўйилди. Объект ва хонадонларни қўриқловга олишда ички ишлар органларининг тегишли хизматлари билан ҳамкорлик тизими мустаҳкамланди.

Кўрилган чоралар натижасида қўриқланаётган объектлар сони йил давомида 99 фоизга, қўриқдаги хонадонлар сони эса 118 фоизга ошди. Техник қўриқлаш марказлари 19 фоизга, тезкор ҳаракатланувчи гуруҳлар эса 15 фоизга кўпайтирилди.

Ташриф давомида Президент хизмат биноси ҳовлисида қўлланилаётган махсус техника воситалари, жамоат тартибини сақлашга жалб этиладиган транспортлар ҳамда дронлар манёври билан танишди. Шунингдек, қўриқлаш техника воситаларининг кўргазмали тақдимоти намойиш этилди.

Бу ерда “Хавфсиз шаҳар” концепциясини жорий этиш ва ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида атрофлича маълумот берилди. Давлат раҳбарининг 2023 йилдаги қарори асосида мазкур концепция республика бўйлаб босқичма-босқич татбиқ этилмоқда. Кўргазма майдончасида турли объектлар ва аҳолининг эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда ўрнатилган видеокузатув тизимлари, айланма камералар, юз қиёфасини ҳамда давлат рақам белгиларини аниқловчи интеллектуал камераларнинг имкониятлари намойиш этилди.

Бугунги кунда барча ҳудудий ички ишлар бошқармаларида сунъий интеллект асосида ишловчи “Қалқон” ахборот тизими тўлиқ жорий этилган. Ушбу тизим ҳудудларни онлайн кузатиш, тезкор қидирув ишларини олиб бориш, куч ва воситаларни бошқариш ҳамда жиноятларни “иссиқ изидан” фош этишга хизмат қилмоқда.

Президент ички ишлар ва қўриқлаш хизмати фаолиятини маҳалладалик тамойили асосида ташкил этиш, хонадонларнинг ҳолатини ўрганиш орқали хавфсизликни таъминлаш муҳимлигини таъкидлади. Тошкент мегаполис экани инобатга олиниб, жиноятчилик ва қонунбузарлик омилларини мунтазам таҳлил қилиш зарурлигига эътибор қаратилди.

Маълумотларга кўра, “Хавфсиз шаҳар” концепцияси доирасида ягона платформа, 13 та маълумотларни қайта ишлаш маркази, ягона электрон харита, 42 минг 750 та интеллектуал камера ҳамда 17 та ёнғин хавфсизлиги мониторинги тизими фаолият юритмоқда. Жорий йилда интеллектуал транспорт тизимлари, автотураргоҳларни бошқариш, экологик ва сейсмологик мониторинг ҳамда фавқулодда вазиятларда огоҳлантириш тизимларини жорий этиш ишлари давом эттирилмоқда.

Шунингдек, “Хавфсиз шаҳар” ягона платформасидан уйғун фойдаланиш орқали давлат бюджети маблағларининг сезиларли қисми тежалаётгани қайд этилди. Ўзбекистон тажрибаси халқаро миқёсда ҳам катта қизиқиш уйғотаётгани таъкидланди.

Президент жиноятчилик шакллари ўзгариб бораётгани, айниқса киберхавфсизлик соҳасида таҳдидлар ортиб бораётганини қайд этди. Бу борада малакали кадрлар тайёрлаш, банк ва ички ишлар органлари ходимларининг билим ва кўникмаларини ошириш, видеокузатув тизимларини самарали бошқара оладиган мутахассислар етиштириш муҳим вазифа эканини таъкидлади.

Ташриф давомида Тошкент шаҳрида ташкил этилган “Хавфсиз кўча”, “Хавфсиз йўлак” ҳамда гастрономик йўлакларда жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар, Қўриқлаш хизмати ходимларининг ўқув жараёнлари ва профилактика инспекторлари билан ўтказилаётган амалий машғулотлар ҳам кўздан кечирилди.

Шунингдек, Ситуацион марказ фаолияти тақдим этилиб, у орқали қўриқлаш бўлинмалари ҳаракатларини онлайн назорат қилиш, тезкор ва фавқулодда вазиятларда куч ва воситаларни самарали бошқариш имкониятлари намойиш этилди.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.