2025-йил Uzbekistan Airways компаниялар гуруҳи учун ёрқин лойиҳалар, муҳим қарорлар ва барқарор ўсиш даври бўлди.
Йил давомида компаниялар гуруҳи томонидан жами 49 258 та авиақатнов (RT) амалга оширилди, бу 2024 йилга нисбатан 8,7 фоизга кўп (2024 йилда 45 307 та авиақатнов амалга оширилган). Шу давр мобайнида 6,612 миллион нафар йўловчи хавфсиз ва қулай тарзда манзилига етказилди, бу эса ўтган йилга нисбатан 6,5 фоизлик ўсишни ташкил этди (2024 йилда 6,207 миллион нафар).
2025 йилда авиакомпания парвозлар географиясини кенгайтиришни давом эттирди. Тошкентдан Мадрид, Исломобод, Тюмень ва Краснодарга, Андижондан Новосибирск, Истанбул, Москва ва Санкт-Петербургга, Намангандан эса Краснодарга янги йўналишлар йўлга қўйилди.
2025 йил ноябрь ойида Вашингтонда имзоланган ҳамкорлик келишуви бутун Ўзбекистон фуқаро авиацияси учун муҳим бурилиш нуқтаси бўлди. Uzbekistan Airways ўз тарихидаги энг йирик шартнома — 22 та кенг фюзеляжли Boeing 787-9 Dreamliner ҳаво кемаларини етказиб бериш бўйича келишувни имзолади. Ушбу қарор флотни янгилаш билан бирга, авиакомпаниянинг келажакка ишончи ва глобал миқёсда фикрлашга тайёрлигини намоён этди.
2025 йил апрель ойида Silk Avia парки тўртинчи L 410 ҳаво кемаси билан тўлдирилди. Май ойида эса Uzbekistan Airways Technics ангарида авиакомпаниянинг энг малакали мутахассислари томонидан тўлиқ модернизация қилинган Boeing 767 ҳаво кемаси парвозга тайёр ҳолда чиқарилди.
Ўқув-машғулот маркази негизида фаолият юритаётган учувчилар мактаби халқаро стандартларга тўлиқ мос ҳолда мутахассислар тайёрлашни давом эттирмоқда. Курсантлар малакасини ошириш мақсадида бўлажак учувчилар амалий машғулотларининг бир қисмини Словениядаги Европа ҳаво кенгликларида ўтамоқдалар.
Uzbekistan Airways ўз хизматларини Таиланддан Италиягача бўлган халқаро кўргазмаларда муваффақиятли намойиш этди. Москва шаҳрида эса илк бор Ўзбекистон ва Россия туризм соҳасининг етакчи вакилларини жамлаган «Марказий Осиё — Uzbekistan Airways қанотларида» форуми бўлиб ўтди.
2025 йил Uzbekistan Airways учун мақсадли ўсиш, муҳим қарорлар ва ютуқлар йили бўлди ҳамда авиакомпания 2026 йилга янги мақсадлар ва янги марраларни забт этишга тайёр ҳолда қадам қўйди.
Uzbekistan Airways ўзини Марказий Осиё қанотлари сифатида намоён этар экан, миллий ва минтақавий авиация ривожига ҳисса қўшиш, транспорт алоқаларини кенгайтириш ва халқаро ҳамкорликни чуқурлаштиришга қаратилган фаолиятини давом эттиради.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.