Маълумотларга кўра, Д. Усмонов солиқ инспекцияси биносининг бир қисмини шахсий мақсадларда ижарага бериб, 315 миллион сўм маблағни ўзлаштирган. Шунингдек, у хизмат фаолияти давомида гуруҳбозликка ва маишатбозликка берилгани қайд этилди.
Йиғилишда Тошкент шаҳрида яширин ва кузатилмайдиган иқтисодиёт ҳажми 60 триллион сўмга етгани, бу ҳолат давлат бюджетига ҳар йили 7,5 триллион сўм миқдорида зарар етказаётгани таъкидланди.
Қайд этилишича, аксиз солиғи тўловчилар томонидан ишлаб чиқариш ва реализация ҳажмларининг яширилиши оқибатида 66 миллиард сўм солиқ тўланмасдан қолган. Шу билан бирга, яширин иқтисодиётга қарши курашиш ва солиқ маъмурчилиги соҳасида пойтахт солиқ органларининг фаолияти мутлақо қониқарсиз деб баҳоланди.
Хусусан, қўшимча қиймат солиғини тўлаши шарт бўлган қарийб 30 минг солиқ тўловчи QQS бўйича бирор сўм ҳам тўламаган. Савдо, сервис ва умумий овқатланиш соҳаларида ўрнатилган касса аппаратларининг қарийб тўртдан бири амалда ишлатилмаяпти.
Шунингдек, айрим солиқ органлари раҳбарлари солиқ тушумларини ошириш ўрнига қўштирноқ ичидаги “тадбиркор”ларга “ҳомийлик” қилиш билан шуғулланаётгани танқид қилинди. Шаҳарда ўтказилган текширувлар давомида 70 миллиард сўм солиқ ҳисобланмасдан қолгани аниқланган. Сўнгги икки йил ичида Тошкент шаҳар солиқ идораларининг 19 нафар ходими коррупция билан боғлиқ жиноятлар учун жавобгарликка тортилган бўлиб, бюджетга 27 миллиард сўм зарар етказилган.
Маълумот ўрнида айтиш жоизки, мазкур ҳолатлар пойтахтда солиқ интизомини кучайтириш ва яширин иқтисодиётга қарши курашиш чораларини қайта кўриб чиқиш зарурлигини кўрсатмоқда.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.