Анқара шаҳридаги Президент саройида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоғаннинг тор доирадаги учрашуви бўлиб ўтди.
Музокаралар давомида Ўзбекистон–Туркия кенг қамровли стратегик шериклик муносабатларини, аввало сиёсий, савдо-иқтисодий ҳамда маданий-гуманитар соҳаларда янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Барча даражалардаги юқори суръат ва фаол мулоқот қайд этилди. Томонлар яқинда бўлиб ўтган стратегик режалаштириш гуруҳининг «4+4» форматидаги учрашуви самарали натижалар берганини олқишладилар.
Ўзаро товар айирбошлаш ҳажмлари, қўшма корхоналар сони, мамлакатлар ўртасидаги авиақатновлар частотаси изчил равишда ошиб бормоқда. Қўшма маданий тадбирлар мунтазам равишда ўтказиб келинмоқда.
Мудофаа ва хавфсизлик соҳасида, шу жумладан кибержиноятчиликка қарши курашиш борасида ҳамкорлик ва ўзаро мувофиқлаштирувни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, раҳбарлар халқаро ва минтақавий кун тартибидаги долзарб масалалар юзасидан фикр алмашдилар.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.