Ҳатай вилоятида “Ўзбекистон” турар жой мажмуаси очилди

Ҳатай вилоятида “Ўзбекистон” турар жой мажмуаси очилди

Анқара шаҳрига расмий ташриф доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоған Ҳатай вилоятида Ўзбекистон томонидан барпо этилган “Ўзбекистон” турар жой мажмуасининг очилиш маросимида иштирок этдилар.

Маросимда уч йил аввал содир бўлган вайронкор зилзиланинг Туркия учун оғир синов бўлгани қайд этилди. Ўзбекистон фожианинг дастлабки кунлариданоқ Туркияга гуманитар ёрдам кўрсатиб, қутқарув ва тиббий гуруҳларни ҳудудга йўллади. Қидирув-қутқарув ишлари давомида 18 киши қутқарилган, 200 нафарга яқин жабрланганларга ёрдам кўрсатилган. Дала шифохонасида 4 минг нафар бемор тиббий хизмат олган.

Туркия Президенти ташаббуси билан зилзила оқибатларини бартараф этиш бўйича кенг кўламли дастурлар амалга оширилмоқда. Ҳозирга қадар мамлакат бўйлаб 455 мингдан ортиқ уй-жой қурилган.

Ўзбекистон томонидан Ҳатай вилоятининг Арсуз туманида 300 дан зиёд тўлиқ жиҳозланган хонадон, 24 та кўп қаватли уйдан иборат, барча зарур инфратузилмага эга замонавий турар жой мажмуаси қисқа муддатларда барпо этилди.

Туркия Президенти мазкур мажмуа жабрланган оилалар учун янги уй бўлиши билан бирга, ўзбек ва турк халқлари ўртасидаги дўстликнинг амалий ифодаси эканини таъкидлади. Лойиҳани амалга оширишда иштирок этган қурувчилар ва мутахассисларга миннатдорлик билдирилди.

Маросим якунида давлат раҳбарлари янги хонадонлар калитларини эгаларига тантанали равишда топширдилар.

Шунингдек, Президентлар Истанбул шаҳрининг Бекиркёй туманида ўзбек мактаби қурилишига старт бердилар. Ушбу таълим муассасаси Ўзбекистоннинг хориждаги биринчи мактаби бўлиб, Туркияда яшовчи ўзбек оилаларининг фарзандларига она тилида таълим олиш, миллий қадрият ва анъаналарни сақлаш имконини беради. Томонлар мактаб икки қардош халқ ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилишига ишонч билдирдилар.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.